Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трамп сайловни ютса, америкаликларга пул ва иш ўринлари ваъда қиляпти

Трамп сайловни ютса, америкаликларга пул ва иш ўринлари ваъда қиляпти

АҚШ президенти Дональд Трамп ноябр ойида бўлиб ўтадиган Конгрессга оралиқ сайловларда республикачиларнинг ғалабасини аҳолига молиявий ёрдам ажратиш ва янги иш ўринлари яратиш билан боғламоқда.

BILD нашрининг хабар беришича, Трамп Шимолий Каролинадаги учрашувда Кэмп-Лежен ҳарбий базаси яқинида ичимлик суви ифлосланишидан жабрланганларга компенсация тўланишини ваъда қилган. Бироқ у буни республикачиларнинг сайловдаги ғалабасига боғлаган.

«Агар ғалаба қозонмасак, пул бўлмайди. Ғалаба қозонсак, уни оласизлар», – деган АҚШ президенти.

Аввалроқ Трамп республикачилар ғалаба қозонган тақдирда ҳар бир вояга етган америкаликка 5 минг доллардан тўлаш ҳақида ҳам гапирган эди. Бироқ бундай тўловни амалга ошириш учун Конгресс розилиги талаб этилади. Дастурнинг умумий қиймати 1 триллион доллардан ошиши мумкин.

Шунингдек, Трамп Кентукки штатида фармацевтика корхонасига 100 миллион доллар сармоя киритиш ва янги иш ўринлари яратишни ҳам республикачилар ғалабаси билан боғлаган.

Президент бундай ваъдаларни «совғалар» деб атаётган бўлса, танқидчилар уни сайловчиларга таъсир ўтказиш учун президентлик ваколатларидан фойдаланишда айбламоқда.

Нашр маълумотларига кўра, жорий оралиқ сайловларда сиёсий реклама харажатлари 11 миллиард долларга етиши мумкин. Трампни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар сайлов кампаниясига 277 миллион доллар, Илон Маск эса қарийб 276 миллион доллар йўналтирган.

Шунга қарамай, келтирилган сўров ва прогнозларда демократлар устунлик қилмоқда. FiftyPlusOne маълумотларига кўра, демократлар Сенатдаги тўққизта муҳим рақобатда олдинда бормоқда, Вакиллар палатаси улар назоратига ўтиши эҳтимоли эса 90 фоиздан юқори баҳоланган.

CNN сўровига кўра, америкаликларнинг 34 фоизи Трамп фаолиятини маъқуллаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг