Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп Сурия борасида кутилмаган қарор қабул қилди

Трамп Сурия борасида кутилмаган қарор қабул қилди

Трамп ва Аш-Шаръа Ар-Риёдда учрашиши кутилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияга нисбатан Вашингтон томонидан жорий этилган барча санкцияларни бекор қилганини маълум қилди. АҚШ раҳбари бу ҳақда 13 май куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган инвестиция форумида баёнот берган.

«Мен Сурия яна буюкликка эришиши учун унга нисбатан жорий этилган барча санкцияларни бекор қилиш ҳақида фармон бераман. Энди уларнинг даври келди. Биз барча чекловларни олиб ташлаймиз. Омад сенга, Сурия! Бизга ақл бовар қилмас натижалар намойиш этинглар!», — деди Трамп.

АҚШ президенти бу қарорга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан мулоқотдан кейин келганини билдирган.

Сурияга Башар Асад режими даврида АҚШ ҳамда Европа давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар мамлакатни жаҳон молиявий тизимидан узиб ташлаган, қашшоқлик ва иқтисодий бўҳронни янада кучайтирган эди.

Сурия раҳбарияти санкцияларнинг бекор қилинишини тарихий қарор дея олқишлаган.

Euronews хабарига кўра, Трамп бугун, 14 май куни Ар-Риёд шаҳрида Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа билан қисқа муддатли учрашув ўтказиши мумкин.

Сўнгги ҳодисалар яқингача Эрон, Шимолий Корея, Куба, Россия каби энг кўп санкцияларга учраган давлатлар сафида бўлган Сурия учун порлоқ истиқбол очилаётганидан далолат беради.

Аввал хабар берганимиздек, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа Доналд Трампга санкцияларни бекор қилиш бўйича битим таклиф қилган, хусусан, Суриянинг нефт ва газ манбаларини тасарруф этишга даъват қилган эди.

Маълумот ўрнида, «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи 2024 йил 8 декабр куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги етакчисига айланди.

Трампнинг Саудия тупроғида Аш-Шаръа билан учрашиши муқаддам террорчилар рўйхатида бўлган Сурия раҳбарининг ҳокимияти тўлақонли легитимлашишини ҳам англатади.

Сурияга қарши санкцияларнинг бекор қилиниши минтақа давлатларидан Исроилга хуш келмаслиги тайин.

Маълумки, Дамашқда ҳокимият алмашиши билан Исроил армияси Жўлон тепалиги оша Сурияга ҳудудига кирди. Асад режими қулаши ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия билан 1974 йилда имзоланган битим ҳам ўз кучини йўқотганини иддао қилди ва ўз ҳарбийларига Сурия билан чегара ҳудуди ва уни назорат қилувчи позицияларни эгаллашни буюрди.

Исроил сўнгги ойларда Сурия бўйлаб ўнлаб авиазарбалар берди.

Таҳлилчилар Исроил вазиятдан фойдаланиб Сурияни янада заифлаштиришга уринмоқда деб ҳисоблайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг