Транспорт-логистика мустақиллиги ва стратегик темир йўл лойиҳалари
Бугун глобал савдо йўналишлари шиддат билан ўзгариб, транспорт ва логистика масаласи оддий иқтисодий вазифадан стратегик аҳамиятга эга масалага айланмоқда. Пандемия, геосиёсий зиддиятлар, йирик транспорт йўлакларидаги узилишлар ва логистика харажатларининг ортиши мамлакатлар учун муқобил ва ишончли транспорт йўналишларига эга бўлиш қанчалик муҳим эканини кўрсатди.
Айниқса, очиқ денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, янги темир йўл маршрутларини барпо этиш ва мавжуд йўналишларни модернизация қилиш иқтисодий барқарорликнинг муҳим омилидир. Зеро, экспорт-импорт юкларининг қайси йўналишдан ва қанча харажат билан етказилиши нафақат ташқи савдо самарадорлиги, балки миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигига ҳам бевосита таъсир қилади.
Шу нуқтаи назардан, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли, Трансафғон коридори, “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Туркия” йўналиши, Транскаспий ва бошқа муқобил транспорт коридорларини ривожлантириш Ўзбекистоннинг транспорт-логистика мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази бўлим бошлиғи Дилдора Ибрагимова билан бу йўналишлар мамлакатимиз учун қандай янги имкониятлар бериши, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларига чиқиши, мамлакат иқтисодиётига таъсири ҳақида суҳбатлашдик.
– Аввало, транспорт ва логистика мустақиллиги деганда нимани тушуниш керак? Нега бу масала бугун миллий хавфсизлик даражасидаги стратегик вазифага айланди?
– Транспорт мустақиллиги деганда, мамлакатнинг ўз экспорт-импорт юкларини бир ёки икки давлатга қарам бўлмаган ҳолда, бир нечта муқобил йўналишлар орқали жаҳон бозорларига етказа олиш қобилияти тушунилади.
Нега бу миллий хавфсизлик масаласи? Чунки Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон, очиқ денгизга чиқиш имкониятига эга эмас. Ўзбекистон ҳатто дунёдаги икки давлатнинг биридирки, денгизга чиқиш учун камида иккита давлат ҳудудини кесиб ўтишига тўғри келади. Бу дегани бизнинг ташқи савдомиз, демакки иқтисодиётимизнинг катта қисми, қўшни давлатлар ҳудудидан ўтувчи транспорт йўлакларига боғлиқ.
Сўнгги йиллардаги глобал воқеалар - пандемия, Сувайш каналининг вақтинча ёпилиб қолиши, 2022 йилдан кейинги геосиёсий ўзгаришлар - битта йўналишга қарамлик қанчалик хатарли эканини яққол кўрсатди. Шунинг учун муқобил коридорларни шакллантириш бугун иқтисодий масаладан миллий хавфсизлик масаласига айланди.
— Бугун дунёда давлатлар нафақат энергия манбалари, балки транспорт йўлаклари учун ҳам рақобат қилмоқда. Бу рақобатнинг асосий сабаби нимада?
Транзит бу катта даромад ва катта таъсир воситаси. Темир йўл ташувларида энг юқори даромад айнан транзит юк ташувларидан шаклланади. Юк оқимини ўз ҳудудидан ўтказган транзит давлатлар, нафақат тўғридан-тўғри валюта тушумига эга бўлади, балки логистика, сервис, инфратузилма, иш ўринлари – бутун бир экотизимни ривожлантиради.
Бунинг ёрқин тарихий мисоли сифатида Буюк Ипак йўлини келтириш мумкин. У ўз даврида савдо алоқаларининг ривожланишига, транспорт йўналишларининг кенгайишига ҳамда давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилган.
Ўрта ер денгизи, Кавказ, Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Хитойни ўзаро боғлаган савдо йўллари тармоғининг кенгайиши ҳамда трансконтинентал йўналишларнинг ривожланиши ушбу йўналишлар бўйлаб жойлашган давлатларнинг кўп қиррали тараққиётида муҳим аҳамият касб этган.
Бунга рақамлар мисолида қарайлик. Бугун Хитойдан Европага юкларнинг 90 фоиздан ортиғи денгиз орқали ташилади. Аммо Сувайш каналининг ўтказувчанлик имконияти амалда тугаган, йирик портлар ҳаддан зиёд юкланган, денгиз ёқилғиси қимматлашмоқда. Шу боис қуруқликдаги маршрутларга талаб кескин ошди. Айнан шу оқимнинг ҳатто кичик бир қисмини ўзига тортган давлат катта ютуққа эришади. Транспорт йўлаклари учун кураш – бу аслида XXI аср савдо оқимлари устидан назорат учун курашдир.

Бироқ, менинг фикримча, транспорт коридорларини ривожлантириш масаласига давлатлар ўртасидаги рақобат нуқтаи назаридан эмас, балки уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини тўлдириши нуқтаи назаридан ёндашиш мақсадга мувофиқ. Бунда ҳар бир давлат ягона логистика занжирининг ажралмас қисми сифатида иштирок этиб, юкларни жўнатувчидан якуний қабул қилувчигача самарали етказиб беришни биргаликда таъминлайди.
Натижада, транспорт коридорларини ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ривожлантириш умумий логистика харажатларини камайтириш, юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш ҳамда ташиш жараёни ишончлилигини ошириш имконини беради. Бу эса бевосита якуний фойдаланувчи – юк эгасининг манфаатларига мос келади.
– Ўзбекистон учун бугунги кунда қайси халқаро транспорт коридорлари энг муҳим ҳисобланади? Уларнинг ҳар бири мамлакат иқтисодиётига қандай ҳисса қўшиши мумкин?
– Мен тўртта стратегик йўналишни ажратган бўлардим.
Биринчиси – “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли. Бу бизга Хитой ва Осиё-Тинч океани мамлакатларига тўғридан-тўғри темир йўл орқали чиқишини беради ҳамда Хитой – Европа йўналишида энг қисқа қуруқлик коридорини шакллантиради.
Қирғизистон ва Ўзбекистон Хитой орқали Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларига тўғридан-тўғри темир йўл чиқиши имкониятига эга бўлади ҳамда транспорт хизматлари экспортидан олинадиган даромадларни сезиларли даражада оширади. Хитой эса ўзининг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Европа Иттифоқи давлатларига олиб чиқувчи қўшимча қуруқлик транспорт коридорига эга бўлади.
Иккинчиси – Трансафғон коридори, яъни “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўли. Бу бизнинг Жанубий Осиё бозорлари ва Ҳинд океани портларига чиқишимиз демакдир.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган мазкур лойиҳа узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик аҳамиятга эга, чунки келгусида у нафақат Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон, балки Хитой ва Ҳиндистон учун ҳам иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлиши мумкин. Ушбу давлатларнинг улкан бозори ва юқори иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олганда, мазкур лойиҳанинг аҳамияти янада ортади.
Бундан ташқари, истиқболда ушбу йўналишни “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли билан ўзаро боғлаш, кейинчалик эса Покистон орқали Ҳиндистон темир йўл тармоғига улаш имконияти мавжуд.
Учинчиси – “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” йўналиши. 2023 йил ноябрида Тошкентда тўрт давлат транспорт вазирликлари ўртасида ушбу мультимодал маршрутни шакллантириш бўйича баённома имзоланган ва ҳозирда меъёрий-ҳуқуқий ҳамда техник стандартларни бирлаштириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналиш анъанавий маршрутларга нисбатан 1000 км дан ортиқ қисқа бўлиб, Хитой ва Европа ўртасидаги юк ташиш масофасини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.
Ушбу йўналиш Хитойни Европа билан боғловчи энг афзал транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. Йўналиш бўйлаб темир йўл инфратузилмаси мавжуд бўлиб, юклар Хитойдан (Қошғар) Туркиягача (Истанбул порти) темир йўлда, портдан Европа ва Қора денгиз мамлакатларига автомобил, темир йўл ёки денгиз орқали етиб бориш имконияти мавжуд.
Тўртинчиси – анъанавий шимолий йўналишлар, яъни Қозоғистон ва Россия орқали Европага чиқувчи маршрутлар ҳамда Транскаспий коридори.
Мамлакатимиз тадбиркорларининг ташқи савдо юкларини ташиш ва логистика харажатларини мақбуллаштириш, асосий ҳамкор давлатларнинг денгиз портларидан самарали фойдаланиши учун қулай шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, келгуси йилда Грузиянинг Поти порти ҳудудида йиллик қуввати 500 минг тонна бўлган замонавий логистика марказини ишга тушириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, стратегик аҳамиятга эга бўлган Анаклия порти лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда амалий саъй-ҳаракатларга киришилди.
Бундан ташқари, Поти портида терминал барпо этилиши баробарида, Каспий денгизида юк ташишда фойдаланиш учун паром сотиб олиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш кўзда тутилган.
Бу каби лойиҳалар мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада ошириш ҳамда тадбиркорларимиз учун муқобил ва ишончли транспорт йўлакларини шакллантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ҳар бирининг ўз ўрни бор: айтайлик, “Иркештом – Ўш – Андижон” йўналиши орқали Шарқий Осиё давлатлари билан амалга оширилаётган юк ташувларининг умумий ташувлар таркибидаги улуши сўнгги 5 йилда 6 фоиздан 31 фоизгача ошган, юк ташиш ҳажми эса 50 баробардан зиёд кўпайган. Бу – талаб борлигининг амалий исботи.
Умуман олганда, ушбу коридорлар тизими Ўзбекистонни Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб йўналишлари кесишган йирик логистика ҳабига айлантириш имконини беради.
– Иссиқкўлда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида ҳам Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлига алоҳида эътибор қаратилди. Нега айнан ушбу лойиҳа минтақа учун стратегик аҳамиятга эга деб ҳисобланмоқда?
– Чунки бу лойиҳа минтақа географиясини ўзгартиради, десам муболаға бўлмайди. Эътибор беринг: ушбу ғоя илк бор 1997 йилда илгари сурилган эди, лекин турли сабабларга кўра чорак аср давомида қоғозда қолиб келди. 2016 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан музокаралар жадаллашди ва мана, бугун лойиҳа амалий босқичга ўтди: 2024 йил 6 июнда Пекинда ҳукуматлараро битим имзоланди, 2024 йил 27 декабрда Жалолобод вилоятида қурилишга расман старт берилди, 2025 йил апрелидан учта йирик тоннель – Фарғона, Норин ва Макмал тоннеллари қурилиши бошланди.

Стратегик аҳамияти нимада? Аввало, бу темир йўл Хитой – Европа йўналишида масофани мавжуд маршрутларга нисбатан 3–4,5 минг километрга қисқартиради. Бундан ташқари, Марказий Осиё биринчи марта Хитой темир йўл тармоғига тўғридан-тўғри уланади – бу бутун минтақа учун Осиё-Тинч океани бозорларига эшик демакдир. Лойиҳа фақат Ўзбекистон ёки Қирғизистонники эмас балки, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа қўшниларимиз учун ҳам янги имкониятлар яратади.
– Ушбу темир йўл учун сарфланаётган йирик сармоя ўзини қанча вақтда оқлаши мумкин? Бу лойиҳа иқтисодий жиҳатдан қай даражада манфаатли?
– Аниқ рақамларга мурожаат қилайлик. Янги линиянинг умумий узунлиги 461 километр бўлиб, шундан 158 километри Хитой, қарийб 303 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади ва Ўзбекистоннинг мавжуд тармоғига уланади. Қирғизистон ҳудудидаги участканинг смета қиймати тахминан 4,7 миллиард долларни ташкил этади. Лойиҳа “қуриш – фойдаланиш – топшириш” (BOT Build–operate–transfer) тамойили асосида, қўшма лойиҳа компанияси орқали амалга оширилмоқда: унда Хитой томони 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон 24,5 фоиздан улушга эга.
Юк оқими прогнозлари шундай: 2030 йилга бориб йилига 8 миллион тонна, 2040 йилга бориб 10 миллион тонна, 2050 йилга бориб 13,5 миллион тоннагача. Транзит юк ташишда ҳар бир тонна юк темир йўл учун жиддий даромад манбаи ҳисобланади.
Бундай йирик темир йўл инфратузилмаси, жаҳон амалиётидан келиб чиқсак, одатда 15-20 йил ичида ўзини оқлайди. Лекин бу ерда фақат тўғридан-тўғри даромадга қараш тўғри эмас. Йўл атрофида логистика марказлари, саноат зоналари, иш ўринлари пайдо бўлади, экспортчиларимиз учун ташиш таннархи пасаяди, етказиб бериш муддатлари қисқаради. Ана шу мультипликатив самарани ҳисобга олсак, лойиҳанинг иқтисодий манфаати шубҳасиздир.
Ушбу лойиҳа доирасида Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон туманлари ва Хонобод шаҳрида йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади. Бу чора-тадбирлар тадбиркорларимиз учун транзит юклари ҳажмини 25 фоизга оширишга ва траспорт-логистика хизматлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказишга пухта замин яратади. Шу тариқа, темир йўл лойиҳаси нафақат транзит йўлаги, балки мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтирувчи муҳим иқтисодий омил бўлиб хизмат қилади.
– Айрим таҳлилчилар бу темир йўлни нафақат иқтисодий, балки геосиёсий лойиҳа деб ҳам баҳолашмоқда. Нима учун оддий темир йўл халқаро сиёсатнинг муҳим қисмига айланиб қолди?
– Лойиҳа уч давлат раҳбарининг сиёсий иродаси ва қатъий қўллаб-қувватлаши асосида илгарилаб бормоқда. Хитой учун бу лойиҳа “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг муҳим бўғини. Марказий Осиё давлатлари учун – транспорт мустақиллигини таъминлаш ва битта йўналишга қарамликдан чиқиш воситаси. Европа учун – етказиб бериш занжирларини диверсификация қилиш имконияти. Кўриб турганингиздек, битта темир йўлда бир нечта йирик манфаатлари кесишади. Транспорт коридори кимнинг ҳудудидан ўтса, ўша давлатнинг геосиёсий вазни ошади – бу бугунги дунёнинг ҳақиқати. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон бу лойиҳага кимгадир қарши эмас, барча учун очиқ, ўзаро манфаатли лойиҳа сифатида ёндашмоқда. Янги коридор мавжудларини инкор этмайди, балки уларни тўлдиради.

– Трансафғон темир йўли амалга ошса, Ўзбекистон қандай иқтисодий ва стратегик афзалликларга эга бўлади? Бу лойиҳа Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини қандай ўзгартиради?
– Трансафғон коридори – бу “Термиз – Найбобод – Майданшаҳр – Логар – Харлачи” йўналиши бўйлаб 647 километрлик темир йўл линияси. Лойиҳанинг тахминий қиймати 6,9 миллиард доллар, амалга ошириш муддати 5 йил этиб белгиланган. Йўл бўйлаб 25 га яқин станция ва разъезд, 135 километр тоннель, 62 километр кўприк ва виадуклар қурилиши режалаштирилган. 2025 йил июлида Кобулда уч давлат ташқи ишлар вазирларининг илк учрашуви доирасида техник-иқтисодий асосномани ишлаб чиқиш бўйича доиравий ҳукуматлараро битим имзоланди – бу лойиҳа тарихидаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.
Ўзбекистон учун бу нима беради? Энг асосийси – Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари орқали Ҳинд океанига энг қисқа чиқиш йўли очилади. Бугун денгизга чиқишимиз минглаб километрлик айланма йўллардан ўтади, натижада экспортимиз таннархини оширади. Трансафғон йўли ишга тушса, Жанубий Осиёнинг қарийб икки миллиардлик бозори – Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш – бизга темир йўл орқали бевосита уланади. Прогнозларга кўра, йилига 22 миллион тоннагача етиши мумкин.
Стратегик жиҳатдан яна бир муҳим жиҳат бор: “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон лойиҳалари биргаликда амалга ошса, тарихда илк бор Жанубий Осиё темир йўллари бутун Евросиё темир йўл тармоғига уланади. Ўзбекистон эса айнан шу икки коридор кесишган марказий нуқтага айланади.
– Бугунги геосиёсий беқарорлик шароитида транспорт йўлаклари хавфсизлигини таъминлаш қанчалик муҳим?
– Ҳозирги геосиёсий беқарорлик шароитида транспорт йўлакларининг хавфсизлигини таъминлаш стратегик аҳамиятга эга масалага айланмоқда, чунки бир нечта омиллар бунга бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Глобал логистика тизими ўзаро боғлиқ тармоқ сифатида ишлайди – бир йўлакдаги узилиш бутун занжир бўйлаб тарқалади. Қизил денгиз ва Ҳурмуз бўғозидаги сўнгги воқеалар буни яққол кўрсатди: у ердаги хавфсизлик таҳдидлари нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда денгиз орқали юк ташиш тарифлари ва етказиб бериш муддатларига таъсир қилди.
Бироқ, хавфсизлик – бу кенг тушунча: маршрутларнинг диверсификациясини таъминлаш ҳам хавфсизликдир, чунки бир йўналишда узилиш юз берса, юклар бошқасига йўналтирилади.
Масалан, Трансафғон лойиҳасида темир йўл, автомобиль йўли ва инфратузилманинг параллел жойлаштирилиши ҳам айнан эксплуатация ва муҳофаза харажатларини камайтириш шунингдек, транспорт инфратузилмасининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Барно Мелиқулова суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter