Каттақўрғонда тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбуснинг вафоти юзасидан расмий маълумот берилди
Жорий йилнинг 21 февраль куни соат 17:35 ларда Каттақўрғон туманидаги 7-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган, туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 28, 211-моддалари 1-қисми билан айбланиб қамоққа олинган, 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Қ.нинг соғлиги ёмонлашган.
ИИВ матбуот хизмати расмий хабарига кўра, айбланувчи шошилинч равишда Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилаётган вақтда, шу куни соат 18:00 ларда вафот этган.
Бирламчи суд-тиббиёт хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими 2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари натижасида юзага келган. Танасида ҳеч қандай жароҳат излари аниқланмаган.
Маълумот ўрнида, 2026 йил 18 февраль куни айбланувчи Х.Қ. касаллиги сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб чиқилган, бу ҳақда унинг акаси Х.Х.га хабар берилган ҳамда улар учун шифохонада қўшимча учрашув ташкил этилган. Зарур муолажалардан сўнг, 20 февраль куни шифокорлар хулосасига асосан соғлиғи қониқарли деб топилиб, ҳибсхонага қайтарилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter