Адвокатдан аччиқ савол: ноҳақ тортиб олинган 9 ойлик умрнинг баҳоси шугинами?
8 ой 21 кун қамоқ ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси азобини ноҳақ тортган фуқарога суд маънавий зарар сифатида атиги 15 миллион сўм ундириб берилиши ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда адвокат Беҳзодбек Ғаниев ўз Телеграм каналида маълум қилди.
Б.Ғаниев ҳимоясидаги фуқаро У.А. биринчи инстанция судининг ҳукми билан Жиноят кодекси 184-моддаси (солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми бўйича айбли деб топилиб, 4 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилади.
Адолатни тиклаш йўлидаги курашдан кейин фуқаро У.А. кассация инстанцияси суди томонидан оқланади ва реабилитация қилинади.
«Умумий ҳисобда у 8 ой 21 кун (шундан 4 ой тергов ҳибсхонасида, қолгани манзил-колонияда) қамоқ ва озодликдан маҳрум қилиш жазосининг азобини ноҳақ тортди. Шу сабабли фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига маънавий зарар ундириш бўйича мурожаат қилинди. Суднинг 2026 йил 23 июль кунги ҳал қилув қарори билан маънавий зарар сифатида атиги 15 миллион сўм ундириб берилди. Бу дегани: ноҳақ озодликдан маҳрум қилинган ва ҳибсда синдирилган ҳар бир кун учун атиги 57.471 сўм зарар ҳисобланган! Бугунги кунда бу суммага оддий кундалик эҳтиёжларни ҳам қоплаб бўлмайди. Инсон қадри, унинг руҳий ва жисмоний азоблари шунчалар қадрсизми?» – дея аччиқ саволлар қўяди адвокат.
Ҳуқуқшунос ўз постида суд амалиётидаги «икки хил ўлчов» масаласини ҳам кўтарган.
«Агар масалага бошқа тарафдан, яъни давлат фойдасига ундириладиган жарималарни ҳисоблаш механизмлари орқали қарайдиган бўлсак, фарқ анчагина. Тўланмаган жарима оғирроқ жазога алмаштирилганда: озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ҳар бир ойи базавий ҳисоблаш миқдорининг 16 бараварига тенглаштирилади (бугунги кунда 1 ойи – 6.592.000 сўм ёки 8 ой 21 кун учун – 57.350.000 сўм). Жазолар чегирилаётганда эса: қамоқда сақлашнинг бир куни БҲМнинг иккидан бир қисмига тенглаштириб ҳисобга олинади (бу ҳисоб-китобда 8 ой 21 кун қамоқ учун тайинлаган жаримадан 53.766.000 сўм чегириб юборилади).
Савол туғилади: давлат фойдасига ҳисоб-китоб қилинадиган пайтда қамоқнинг бир ойи миллионлаб сўмга баҳоланади-ю, аммо ноҳақ қамалган фуқаронинг синган тақдири, тўкилган кўз ёшлари ва поймол бўлган конституциявий ҳуқуқлари учун бир кунига атиги 57 минг сўм раво кўриладими? Инсон қадри қани бу ерда?» – деб ёзади адвокат Беҳзодбек Ғаниев.
Бундай амалиёт нафақат қонунийликка, балки оддий адолат мезонларига ҳам зид эканини урғулаган ҳимоячи суд қарори устидан апелляция тартибида шикоят берилишини қайд этган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter