Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарзанд тарбиясига оид мажбуриятларини бажармаган ота-оналарга жарима кучайтирилди

Фарзанд тарбиясига оид мажбуриятларини бажармаган ота-оналарга жарима кучайтирилди

Ўзбекистонда фарзанд тарбиясига оид мажбуриятларини бажармаган ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солинади.

Бу Президент томонидан 14 октябр куни имзоланган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда (ЎРҚ–1180-сон) белгиланди.

Қонун билан болаларга нисбатан зўравонлик учун жиноий жавобгарлик ҳам кучайтирилди. Хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан қонунда кўрсатилган жинсий зўравонлик жиноятлари учун 15 йилдан 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноятни содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қўлланилмайди.

Бундан ташқари, таълим ташкилоти ходими болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилса, бу у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга қўшимча асос бўлади.

Зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши ҳам назарда тутилган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг