Навоий вилоятида ковракдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополицияси ходимлари томонидан Навоий вилоятида ўсимликлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилди. Рейд давомида Нурота тумани «Қизилча» маҳалласи ҳудудидаги тоғ массивида сассиқ ковракни ноқонуний йиғиб олиш ҳолати аниқланди.
Аниқланишича, фуқаролар Ч.A. ва Э.Б. Сурхондарё вилояти Узун тумани фуқароси Ч.X. раҳбарлигида ёлланма ишчилар гуруҳи иштирокида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни ноқонуний кесиш ҳамда уларнинг ширасини йиғиш билан шуғулланган. Натижада жами 7 500 туп сассиқ коврак ўсимлигига зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳуқуқбузарлардан ашёвий далил сифатида электрон тарози, ўсимликларни кесиш ва ширасини йиғиш учун мўлжалланган 9 дона ўткир пичоқ, шунингдек, таркибида қум аралашмаси бўлган 2 070 грамм шира ва 220 грамм тоза шираси олиб қўйилди. Олиб қўйилган ашёлар бўйича тегишли далолатнома тузилди.
Қонунчиликка мувофиқ амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи тожик кавракларининг ноқонуний зарарлантирилиши натижасида табиатга етказилган зарар 3 миллиард 90 миллион сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари, текширув давомида "F.E. К." МЧЖ ҳудудида ҳуқуқбузар Ч.X. томонидан вақтинча яшаш учун мўлжалланган 9 та енгил конструкция ноқонуний ўрнатилгани аниқланди. Нурота тумани ички ишлар органлари ходимлари иштирокида мазкур конструкциялар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳудуддан олиб чиқилди.
Рейд тадбирлари давомида тўпланган материаллар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш мақсадида тегишли ташкилотларга юборилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter