Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Яна уч вазирлик ходимлари коррупция оқибатларини англаш учун колонияга олиб борилди

Яна уч вазирлик ходимлари коррупция оқибатларини англаш учун колонияга олиб борилди

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ИИВ билан ҳамкорликда давлат хизматчилари учун жазони ижро этиш муассасаларига профилактик ташрифларни давом эттирмоқда.

Навбатдаги ташриф Олмалиқ шаҳридаги 14-сон жазони ижро этиш колониясида ташкил этилди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.

Ташриф давомида иштирокчилар жазони ижро этиш муассасасидаги шароитлар, сақлаш камералари ва инфратузилма билан таништирилди. Шунингдек, маҳкумлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Таъкидланишича, бундай учрашувлар давлат хизматчиларида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг муқаррар ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш, хизмат вазифаларини ҳалоллик ва қонун устуворлиги тамойиллари асосида бажариш масъулиятини кучайтириш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган.

Агентликка кўра, маҳкумлар билан мулоқот иштирокчиларга коррупция оқибатлари нафақат жиноий жавобгарлик, балки инсоннинг ҳаёти, оиласи, обрўси ва фарзандлари келажагига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатишини англаш имконини берган.

Қайд этилишича, коррупциянинг оқибатларини бартараф этишдан кўра унинг олдини олиш устувор вазифа ҳисобланади. Шу боис бундай профилактик ташрифлар давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ва ходимлари иштирокида мунтазам давом эттирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг