2026 йилда ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик ҳажм $5 млрд этиб белгиланяпти
2026 йилда Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,0 млрд АҚШ доллари (2025 йилда 5,5 млрд АҚШ доллари) этиб белгиланди.
Шундан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари (2025 йилда 3,0 млрд АҚШ доллари), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ва Бюджетнома шарҳида маълум қилинди.
Бундан ташқари, ҳужжат билан давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30,0 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.
Шунингдек, Давлат бюджети олдидаги хатарларни камайтириш мақсадида давлат томонидан қабул қилинадиган мажбуриятлар (сотиб олиш ёки тўлаб бериш) ва тасдиқ хатлари берилиши талаб қилинадиган барча давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосидаги имзоланадиган янги лойиҳалар қийматининг юқори чегараси 6,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter