2026 йилда тамаки ва нефт маҳсулотларига акциз солиғини ошириш таклиф қилиняпти
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қлинган 2026-2028 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасида айрим турдаги, жумладан алкоголь, тамаки ва нефть маҳсулотлари учун акциз солиғи ўзгаришини маълум қилди.
Қайд этилишича, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш, шунингдек, ЖСТнинг маҳаллий ва импорт қилинган тамаки ва алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкаларини босқичма-босқич бирлаштириш талабларидан келиб чиқиб, айрим турдаги маҳсулотлар учун акциз солиғи миқдорларини ўзгартириш таклиф қилинмоқда.
Хусусан, ПФ-85-сонли фармон ва ЖСТ талабларидан келиб чиқиб, 2027 йил 1 январга қадар алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкаларини бирхиллаштириш мақсадида ароқ, коняк ва бошқа алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкасини 2026 йил 1 февралдан бошлаб маҳаллий маҳсулотларга 1 литр учун 48 минг сўм, импорт қилинадиганга 1 литр учун 60 минг сўм ҳамда 2026 йил 1 июлдан ставкаларни тенглаштирган ҳолда 1 литр учун 48 минг сўм этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан бошлаб маҳаллий ва импорт қилинадиган вино ва пиво бўйича қуйидаги солиқ ставкаларини белгилаш таклиф этилмоқда:
- табиий винонинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 7 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 12 минг сўм ҳамда бошқа турдаги виноларнинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 9 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 15 минг сўм;
- пивонинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 3 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 5 минг сўм. 2026 йил 1 июлдан бошлаб акциз солиғи ставкаларини тенглаштирган ҳолда табиий винонинг 1 литри учун 10 минг сўм, бошқа турдаги винонинг 1 литри учун 12 минг сўм, шунингдек пивонинг 1 литри учун 4 минг сўм миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.
2026 йил 1 январдан бошлаб 1 литр истеъмол ва техник этил спирти учун 15 минг сўм акциз солиғи ставкасини сақлаб қолган ҳолда, этил спиртининг бош фракциясига акциз солиғини 1 литр учун амалдаги 15 минг сўмдан 5 минг сўмгача пасайтириш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 февралдан сигара, чилим учун тамаки, ўрама тамаки, қиздириладиган тамаки таёқчаси ва вейплар учун, 2026 йил 1 июлдан эса филтрли, филтрсиз сигаретларга солиқ ставкаларини 7 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилинадиган маҳсулотлар учун бир хил ставка қўллаган ҳолда сигаретларнинг минг донаси учун 365 минг сўм, сигаранинг бир донаси учун 21,5 минг сўм, чилим учун тамаки, чекиладиган ўрама тамакининг 1 кг учун 642 минг сўм, қиздириладиган тамаки таёқчасининг 1 кг учун 481,5 минг сўм, вейпларнинг 1 мл учун 2,14 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар ёки ширинлаштирувчи модда мавжуд бўлган ҳамда энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликлар бўйича таркибидаги шакар моддасининг миқдорига қараб прогрессив тартибда солиққа тортиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, таркибида шакар бўлган 100 мл ичимликлардаги шакар миқдори:
- 5 граммгача бўлганда 1 литри учун 500 сўм (амалдаги ставка);
- 5 граммдан 10 граммгача бўлганда 1 литри учун 515 сўм;
- 10 граммдан юқори бўлганда 1 литри учун 535 сўм.
Шунингдек, таркибида шакардан бошқа ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликларга 1 литри учун 500 сўм ҳамда энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликлар учун акциз солиғи ставкасини 1 литр учун 2 150 сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Бунда, умумий овқатланиш соҳасидаги корхоналар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тайёрланиб истеъмолчиларга реализация қилинган ичимликларнинг акциз солиғига тортилмаслиги бўйича аниқлаштирувчи қоидалар киритилмоқда, шунингдек товарлар таркибидаги шакар миқдори бўйича маълумот истеъмол қадоғида кўрсатилмаган тақдирда энг юқори солиқ ставка қўлланилиши назарда тутилмоқда.
2026 йил 1 апрелдан нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва якуний истеъмолчиларга сотишда белгиланган акциз солиғи ставкасини 7 фоизга ошириш, полиэтилен гранулалари (10 фоиз) ва табиий газ (12 фоиз) учун эса амалдаги солиқ ставкасини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter