Ҳўрмуз бўғозининг узоқ ёпилиши 2008 йил даражасидаги инқироз хавфини оширади
Агар Ҳўрмуз бўғози август ойигача ёпиқ қолса, бу 2008 йилдаги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози кўламига яқин иқтисодий пасайиш хавфини оширади. Бу ҳақда «Rapidan Energy Group» таҳлилига таяниб, «Bloomberg» ёзмоқда.
Компания денгиз йўли июль ойида қайта очилишини тахмин қилмоқда. Бу ҳолатда нефтга бўлган глобал талаб кунига ўртача 2,6 миллион баррелга камаяди ва ёз давомида Brent маркали эталон нефтнинг бозордаги нархи бир баррел учун қарийб 130 долларгача кўтарилади.
Бироқ, агар узилиш бундан ҳам узоқ давом этса, август ва сентябр ойларидаги таъминотдаги камчиликни қоплаш учун талабни янада кескин пасайтиришга тўғри келади. Бир нечта йирик прогноз марказлари бу йил дунё бўйича нефт хариди камдан-кам учрайдиган даражада қисқаришини кутмоқда.
Нефт нархлари февраль охиридан бери деярли икки баробар ошди.
«Жорий макроиқтисодий вазият 1970 йиллар ёки 2007–2008 йиллардагидек кескин эмас», — дейилади «Rapidan» таҳлилчилари ҳисоботида. Улар бунга иқтисодиётларнинг нефтга камроқ боғлиқлиги ва пул-кредит сиёсати тизимларининг ишончлироқ эканини сабаб сифатида келтирган.
«Аммо нисбатан мустаҳкам бошланғич ҳолат ҳам нефт нархларининг давомли кескин ўсиши молиявий ва макроиқтисодий заифликларни кучайтириши хавфини бартараф этмайди», — дейилади ҳисоботда.
Компания маълумотига кўра, агар очилиш августгача кечикса, учинчи чоракдаги таъминот танқислиги кунига тахминан 6 миллион баррелгача етади. Бу айни захиралар хавфли даражада камайиб қолган пайтга тўғри келади.
Қайд этилишича, транспорт қатнови август бошида тикланган тақдирда ҳам, бозорлар енгиллик сезгунча вазият таранглигича қолади. Чунки нефт захиралари сентябр ойигача камайишда давом этади, Араб кўрфази давлатларида ишлаб чиқариш аста-секин тикланиб, юклар манзилларга етиб бора бошлагунча бироз вақт керак бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter