Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

AD Ports Group ва HYT Capital Ўзбекистонни халқаро савдо ва логистика хабига айлантириш мақсадида қўшма корхона ташкил этди

AD Ports Group ва HYT Capital Ўзбекистонни халқаро савдо ва логистика хабига айлантириш мақсадида қўшма корхона ташкил этди

Қўшма корхона экспорт ҳажмини кенгайтириш, логистика харажатларини камайтириш ҳамда рақамли платформа ва замонавий юк инфратузилмаси асосида халқаро транспорт йўналишларини ривожлантиришга қаратган.

Тошкент, Ўзбекистон. AD Ports Group ва HYT Capital Ўзбекистон корхоналарининг экспорт имкониятларини кенгайтириш, логистика харажатларини камайтириш ҳамда мамлакатни минтақавий савдо ва логистика хабига айлантириш мақсадида қўшма корхона (JV) ташкил этди. Унинг устувор йўналишлари миллий рақамли савдо платформасини ишлаб чиқиш, халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш ҳамда юкларни бирлаштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва тақсимлаш инфратузилмасини яратишдан иборат.

Қўшма корхона фаолиятининг асосини экспорт ва импорт юк ташувларини мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этиш ташкил қилади. Ички логистика марказлари юкларни тайёрлаш ва қайта ишлашни, халқаро йўналишлар денгиз портлари ва сотув бозорларига чиқишни, рақамли платформа эса иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳужжатлар алмашинуви ва юклар ҳаракатининг шаффофлигини таъминлаши керак. Бундай модел ташқи савдонинг умумий харажатларини камайтириш ва етказиб бериш ишончлилигини оширишга қаратилган.

Фарук Ал Зеер, AD Ports Group логистика кластери раиси:

«Ўзбекистон Марказий Осиёнинг савдо оқимларини халқаро бозорлар билан боғловчи муҳим марказга айланиш салоҳиятига эга. HYT Capital билан ҳамкорликда портлар, логистика ва рақамли хизматларни ривожлантириш борасидаги тажрибамизни ягона етказиб бериш тизимини шакллантиришга йўналтириш имкониятини кўрмоқдамиз. Ички терминаллар, транспорт коридорлари ва денгиз йўналишларини ўзаро боғлаш бизнес учун имкониятларни кенгайтириш, юк ташиш ишончлилигини ошириш ва савдонинг барқарор ўсиши учун шароит яратишга хизмат қилади».

Ташқи савдо учун рақамли платформа

Рақамли платформа экспортёрлар, импортёрлар, ташувчилар, терминаллар ва давлат хизматларини ягона ҳамкорлик муҳитида бирлаштиришга қаратилган. Унинг концепцияси электрон ҳужжат айланиши, юк ташувларини ташкил этиш, юкларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви ва товар оқимлари таҳлилини назарда тутади. Бу бизнес учун ҳужжатларни тайёрлаш ва йўналишни танлашдан тортиб, юкни қабул қилувчига етказиб беришгача бўлган барча босқичларда жараёнларни соддалаштириши керак.

Амалдаги давлат ахборот тизимларини, жумладан, «Ягона дарча» хизматларини тижорат савдо ва логистика ечимлари билан интеграция қилиш режалаштирилмоқда. Бундай интеграциянинг асосий вазифаси маълумотларни такроран киритиш заруратини камайтириш, ахборот алмашинувини тезлаштириш ва жараёнларнинг олдиндан прогноз қилинишини яхшилашдан иборат. Платформани ишлаб чиқишда тижорат маълумотларини ҳимоя қилиш, фойдаланиш ҳуқуқларини чегаралаш ва маълумотлар устидан миллий назоратни сақлаш асосий тамойиллар бўлади.

Савдо ва транспорт оқимлари таҳлили тирбандлик юзага келадиган участкаларни аниқлаш, терминал қувватларига бўлган талабни баҳолаш ва инфратузилмани ривожлантиришни режалаштиришга ёрдам беради. Бу инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва баҳолаш учун янада аниқ асо яратади.

Халқаро транспорт коридорлари ва хаб инфратузилмаси

Транспорт йўналишлари Ўзбекистонни Хитой, Марказий Осиё, Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ билан боғлайдиган йўналишларни қамраб олади. Устувор географик йўналишлар қаторига Европа томон Ўрта коридорга чиқиш, Афғонистон орқали Покистон портлари ва Ҳинд океанига олиб борувчи жанубий йўналишлар, шунингдек, БАА инфратузилмаси орқали Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига чиқиш киради. Бир нечта транспорт йўналишларини ривожлантириш юк эгалари учун танлов имкониятларини кенгайтириш ва етказиб бериш барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Амалий устувор вазифалар автомобил, темирйўл ва денгиз транспорти босқичларини мувофиқлаштириш, жўнатмалар мунтазамлигини ошириш ҳамда етказиб бериш қийматининг шаффофлигини таъминлашдан иборат. Бу Ўзбекистонга минтақавий юк оқимларини жалб қилиш ва уларни халқаро йўналишлар бўйича тақсимлаш учун асо яратади.

Қуруқ портлар, юк терминаллари, омбор мажмуалари ва мультимодал марказлар ушбу тизимнинг моддий инфратузилмасига айланиши керак. Уларнинг вазифаларига экспорт юкларини бирлаштириш, товарларни сақлаш ва қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ҳамда транспорт турлари ўртасида юкларни қайта ортиш киради. Бундай хизматларни ривожлантириш Ўзбекистон ичида қўшилган қиймат яратиш ва логистика марказлари атрофида маҳаллий бизнес учун янги имкониятларни шакллантиришга ёрдам беради.

Ўзбекистон учун иқтисодий имкониятлар

Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун ушбу ташаббус янада қулай ва прогноз қилинадиган етказиб бериш имкониятлари орқали экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга қаратилган. Экспорт ва импорт юк оқимларини мувофиқлаштириш транспорт харажатларини камайтириш ҳамда муқобил йўналишлар бўйича мунтазам юк жўнатмаларини таъминлашга хизмат қилади. Импортёрлар ва саноат корхоналари учун эса хомашё, бутловчи қисмлар ва ускуналар билан барқарор таъминот устувор аҳамият касб этади.

Мамлакат иқтисодиёти учун кутилаётган самара логистика хизматлари экспортининг ўсиши, транзит юкларини жалб қилиш ва инфратузилмага инвестициялар киритиш билан боғлиқ. Сақлаш, қайта ишлаш, экспедиторлик ва савдони рақамли кузатиб бориш хизматларини ривожлантириш мамлакат ичида қўшилган қиймат яратиш, малакали иш ўринларини ташкил этиш ва солиқ базасини кенгайтириш имконини беради. Бу, шунингдек, Ўзбекистон корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларидаги иштирокини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилмуродхон Бахтиёрхонов, HYT Capital Кузатув кенгаши раиси:

«Бизнинг мақсадимиз — Ўзбекистон маҳсулотларини хорижий бозорларга етказиб бериш харажатларини камайтириш ва маҳаллий корхоналар учун экспортни янада қулай қилиш. Кирувчи ва чиқувчи юк оқимларини мувофиқлаштириш транспорт воситаларининг ҳар икки йўналишда ҳам тўлиқ юкланишини таъминлаш, бўш қатновларни қисқартириш ва логистика харажатларини камайтиришга қаратилган. Бизнинг вазифамиз — муқобил коридорлар бўйлаб мунтазам юк ташувларини йўлга қўйиш ва уларни Ўзбекистон марказий ўринни эгаллайдиган ягона савдо ҳамда юк тақсимоти тармоғига бирлаштириш.

Рақамли платформа экспортьорлар, импортьорлар, ташувчилар ва терминалларни бирлаштириб, электрон ҳужжат айланиши, юкларни кузатиш ва транспорт жараёнларини мувофиқлаштириш имконини бериши керак. Бу расмийлаштириш вақти ва бекор туришларни қисқартириш, етказиб бериш қийматининг шаффофлигини ошириш ҳамда логистика харажатларини камайтиришга ёрдам беради. Ишлаб чиқарувчилар учун бу хорижий харидорларга янада рақобатбардош нархларни таклиф қилиш, сотув географиясини кенгайтириш ва экспорт тушумини ошириш имкониятини англатади».

Халқаро логистика алоқалари, ички юк инфратузилмаси ва рақамли хизматларни бирлаштириш орқали AD Ports Group ва HYT Capital Ўзбекистон ташқи савдосининг ўсиши зарур шароитларни яратишни мақсад қилган. Қўшма корхонанинг стратегик мақсади — мамлакатнинг минтақавий марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, бу ерда савдо алоқаларини шакллантириш, юкларни қайта ишлаш ва тақсимлаш ҳамда халқаро бизнес учун замонавий хизматларни ривожлантиришдан иборат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг