Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади

Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги фармони билан Янги Тошкент шаҳрида бошқарув тизими тасдиқланди.

Янги Тошкент шаҳри ҳокимини Президент тайинлайди ва лавозимидан озод этади. Ҳоким тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар фаолият юритади.

 Ҳокимлик аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади. 

Аппаратда ҳоким, унинг биринчи ўринбосари ва иккита ўринбосари, ёрдамчи, ахборот хизмати раҳбари (давлат тили бўйича маслаҳатчи), ташкилий-назорат гуруҳи, бош ҳисобчи, бош юрисконсульт ва девонхона ишлайди. Ўринбосарларнинг йўналишларини ҳудудни ривожлантириш режаларига қараб ҳокимнинг ўзи белгилайди.

6 та давлат органининг бўлинмаси очилади (жами 30 штат). Шаҳарда экология, статистика, иқтисодиёт ва молия, инвестициялар, таълим, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, маданият, кадастр, ёшлар ишлари, оила ва хотин-қизлар, санитария-эпидемиология бўлимлари ташкил этилади. Булардан ташқари, Президентнинг Халқ қабулхонаси, тиббиёт бирлашмаси, солиқ инспекцияси ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳам бўлади.


Бош прокуратура, ИИВ, Адлия ва ФВВ бир ой ичида шаҳарда ўз тузилмаларини ташкил этади. Бу тузилмалар шу идораларнинг амалдаги штатлари ҳисобидан тузилади.

• Ҳокимлик дирекцияга берилган ҳудудларда Тошкент вилояти ва туманлари органларининг ваколатидаги масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилади.
• Ҳокимлик ва бўлинмаларни сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади.
• Фармонда кўрсатилмаган бошқа идоралар шаҳарда Тошкент вилоятидаги мавжуд бўлинмалари орқали ишлашда давом этади.

Ҳокимлик ва бўлинмалар вақтинча собиқ «Янги Тошкент» лойиҳа офиси биносига жойлаштирилади ва ундан текин фойдаланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг