Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистон Россияга нота юборди

Қирғизистон Россияга нота юборди

Фото: АКИpress

Қирғиз Республикаси алдов йўли билан рус армиясига жалб этилган ўз фуқароси юзасидан Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Бу ҳақда мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси маълум қилди.

Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан йўлланган норозилик мактубида фириб йўли билан армияга жалб этилган 21 ёшли Э.Т.ни ватанига қайтариш талаб қилинган.  

Маълум бўлишича, Қирғизистон фуқароси номаълум шахсларнинг фирибгарона хатти-ҳаракатлари оқибатида Россиянинг ҳарбий қисмларидан бири ихтиёрида қолмоқда. 

Расмий Бишкек Россия ваколатли идораларини ушбу ҳолат бўйича айбдорларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш юзасидан ҳар томонлама чора-тадбирлар кўришга чақирган.

ОАВ хабарига кўра, бу ўринда гап манаслик 21 ёшли Элистан Токтогулов ҳақида кетмоқда. Яқинларига кўра, Токтогулов икки ҳафта аввал мўмай даромадли иш ваъдасига ишониб Россияга йўл олган.

Айни пайтда у Воронеж вилоятидаги ҳарбий полигонда экани, яқин муддатда Украина фронтига жўнатилиши айтилмоқда.

2022 йил 24 февралдан буён Украинага қарши босқинчилик урушини олиб бораётган Россия Федерацияси ўз армиясига алдов ва мажбурлов йўли билан хорижий мамлакатлар фуқароларини жалб этмоқда. Жумладан, жорий йил 26 октябрь куни БМТ Бош ассамблеясида тақдим этилган мустақил халқаро комиссия ҳисоботида Москва 29 та давлат фуқароларини ҳарбий ҳаракатларга ёллагани танқид қилинганди. 

Аввал хабар берганимиздек, Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги Россия томонидан ёлланган икки ҳиндистонлик Украинадаги жангда ҳалок бўлиши муносабати билан кескин баёнот берган ва рус армияси сафида бўлганларни ватанига қайтаришни талаб қилган эди.

РФ армияси сафига турли йўллар билан жалб этилган хорижликлар орасида Марказий Осиё фуқаролари кўпчиликни ташкил этади.

Украинанинг “Хочу жит” лойиҳаси ўрганишларига қараганда, 2026 йил 1 октябрь ҳолати бўйича Марказий Осиё давлатларидан 20,4 минг киши Украинага қарши урушда қатнашиш учун РФ Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган.

Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари 8200 кишини (40 фоиз) ташкил этади. Рўйхатнинг кейинги ўринларида Тожикистон (5308 киши, 26 фоиз), Қозоғистон (3819 киши, 19 фоиз), Қирғизистон (2219 киши, 11 фоиз) ва Туркманистон (884 киши, 4 фоиз) қайд этилган.

Сўнгги вақтларда мамлакатимиз судлари Россия Қуролли кучлари таркибида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланган бир қатор юртдошларимизга нисбатан ҳукм чиқарди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг