Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон автомобил бозорида пасайиш кузатилмоқда

Ўзбекистон автомобил бозорида пасайиш кузатилмоқда

2026 йилнинг январ–июл ойларида Ўзбекистонда 210 837 дона автомобил сотилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 940 донага ёки 3,6 фоизга кам. Автомобил бизнеси ассоциацияси маълумотларига кўра, бозордаги салбий динамика кетма-кет тўртинчи ой давом этмоқда.

Июл ойида 31 324 дона автомобил сотилган. Бу июн ойига нисбатан 4,7 фоиз кўп бўлса-да, 2025 йил июлидаги кўрсаткичдан 30 фоиз кам.

Шу билан бирга, бозордаги брендлар нисбати ҳам ўзгармоқда. «UzAuto Motors» улуши бир йилда 81,5 фоиздан 74,6 фоизга тушган. «ADM» улуши эса 11,3 фоиздан 12,8 фоизга ошган. «BYD»нинг улуши қарийб икки баробар ўсиб, 5,6 фоиздан 10 фоизга етган.

Январ–июл ойлари якунларига кўра, Хитой автомобил брендларининг умумий бозордаги улуши 17,8 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 11,6 фоиз бўлган.

Июл ойида июн ойига нисбатан «Kia» ва «BYD»нинг бозор улуши 1,8 фоиздан ошган. «Haval» улуши ҳам 0,4 фоизга кўпайган. «Chevrolet» ва «Chery» эса мос равишда 3,6 ва 0,9 фоизлик қисқаришни қайд этган.

Бозордаги яна бир муҳим ўзгариш B-сегмент седанлари савдосида кузатилган. Етти ойда бу сегментда 70 мингдан ортиқ автомобил сотилган, холос. Ўтган йилнинг шу даврида эса ушбу кўрсаткич 87 минг донани ташкил этган.

Енгил тижорат автомобиллари сегментида ҳам савдо қисқарган. Январ–июл ойларида 62,8 минг дона LCV сотилган бўлса, 2025 йилнинг шу даврида 69,5 минг дона автомобил сотилган. Натижада сотувлар 9,6 фоизга камайган.

Аксинча, B-SUV сегментида ўсиш кузатилган. Йилнинг дастлабки етти ойида 47,9 минг дона ихчам кроссовер сотилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 37,7 минг донадан анча юқори бўлди. Натижада сегмент улуши 22,7 фоизга етган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг