Ўзбекистонда бизнес кайфияти қайси соҳаларда яхшиланди?
2026 йил II чорагида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ўтказилган сўровда тадбиркорларнинг 65 фоизи бизнес юритиш шарт-шароитлари яхшиланганини билдирган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос чорагига нисбатан 9 фоиз бандга ошган.
Бизнес муҳити яхшиланганини билдирган тадбиркорлар улуши, айниқса, қурилиш, тиббиёт, молия ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сезиларли кўпайган.
Сўров натижаларида банк хизматлари сифати ва кредит олиш имкониятлари, рақобат муҳити ҳамда лицензия олишдаги ижобий ўзгаришлар бизнес шароитига таъсир қилган асосий омиллар сифатида қайд этилган.
Тадбиркорларнинг ёнилғи ва энергия истеъмоли ошганини билдирганлар улуши 6 фоиз бандга кўпайган. Буюртмалар ҳажми бўйича ҳам ижобий динамика қайд этилган — мазкур кўрсаткич 4 фоиз бандга юқори бўлган.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажми ошганини билдирган респондентлар улуши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз бандга кўпайган. Бу тадбиркорлик фаоллигидаги ижобий ўзгаришлар бир нечта кўрсаткичларда намоён бўлганини кўрсатади.
Сўровда келгуси чорак учун ҳам тадбиркорларнинг ёнилғи ва энергия истеъмоли, юк ташиш, қўшимча ишчи кучига талаб, ишлаб чиқариш ва буюртмалар ҳажми, шунингдек кредит ва қарз тўловлари бўйича кутилмалари ўрганилган.
Сўровда қатнашган бизнес вакилларининг 81 фоизи келгуси уч йилда мамлакат иқтисодиёти ва бизнес муҳити яхшиланишига ишонч билдирган. Бу кўрсаткич тадбиркорларнинг узоқ муддатли иқтисодий кутилмалари ижобийлигини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимидаги маълумотларда алоқа ва ахборот, савдо, маиший хизмат, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш, тиббиёт, туризм, ташиш хизмати, қишлоқ хўжалиги, молия, қурилиш ва бошқа соҳалар бўйича бизнес кайфияти ўзгариши алоҳида кўрсатилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter