Ўзбекистон Қувайтдан авиация ёқилғисини харид қилмоқчи
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Қувайт Давлатига амалий ташрифи доирасида Қувайт нефт вазири ва Kuwait Petroleum Corporation раиси Тареқ Сулеиман Ал-Роуми ҳамда савдо ва саноат вазири Халифа Ал-Аскар билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда нефт-газ ва нефт-кимё соҳаларида ҳамкорлик, логистика ва савдо, Ўзбекистон авиакомпаниялари учун авиация ёқилғисини етказиб бериш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, шунингдек стандартларни ўзаро тан олиш ва лабораторияларни аккредитация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қувайт Давлатининг электроэнергетика, сув ресурслари ва қайта тикланувчи энергетика вазири, молия вазири вазифасини бажарувчи ҳамда иқтисодий масалалар ва инвестициялар бўйича вазир вазифасини бажарувчи доктор Сабиҳ Абдулазиз Ал-Муҳайзим билан бўлиб ўтган учрашувда инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки томонлама савдони кенгайтириш, шунингдек «Форс кўрфази мамлакатлари – Марказий Осиё» Тараққиёт жамғармасини ташкил этиш ташаббуси ва бошқа ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон-Қувайт Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 2-йиғилиши доирасида эришилган келишувларни амалий жиҳатдан илгари суриш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўзаро қизиқиш тасдиқланди.
Шунингдек, электрон тижорат, исломий молия, қурилиш, саноат ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Қувайт ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилди. Ташриф якунида иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter