Ўзбекистонда ўртача ойлик маош 6,8 млн сўмдан ошгани маълум қилинди
Ўзбекистонда ўртача ойлик маош 6,8 млн сўмдан ошди. Миллий Статистика қўмитаси Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақилари бўйича маълумот берди.
2026 йилнинг январь-март (I чорак) якунлари бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ва унинг ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимидаги ҳолати тақдим этилган. 2026 йилнинг биринчи чорагида республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 6 825,9 минг сўмни (тахминан 6,8 млн сўм) ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 % га ўсган.
Тошкент шаҳрида республика бўйича энг баланд маош миқдори қайд этилган бўлиб, ўртача 11 млн 684 минг сўмни ташкил этди. (18,8 фоиз ўсиш).
Бу иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, молиявий хизматлар ва ахборот технологиялари марказлари Тошкентда жойлашганлиги билан изоҳланади.
Иккинчи ўринда Навоий вилояти туради, бу ерда ўртача иш ҳақи 8 млн 453 минг сўмга тенг. Бу ҳудуддаги йирик тоғ-кон саноати ва металлургия корхоналарининг таъсири катта.
Кучли учликни Тошкент вилояти якунлайди, бу ерда ўртача кўрсаткич 6 млн 169 минг сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Сирдарё вилоятида 5 369,9 минг сўмни (114,9 %), Хоразм вилоятида 5 302,4 минг сўмни (114,9 %), Андижон вилоятида 5 580,9 минг сўмни (114,4 %), Қашқадарё вилоятида 4 665,2 минг сўмни (114,3 %), Қорақалпоғистон Республикасида 5 318,8 минг сўмни (114,0 %), Тошкент вилоятида 6 169,6 минг сўмни (113,9 %) ҳамда Сурхондарё вилоятида 4 724,2 минг сўмни (112,1 %) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ эканлиги кузатилди.
Ўртача ойлик номинал иш ҳақи иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил қилинганда, энг юқори ўсиш суръатлари ташиш ва сақлаш соҳасида қайд этилди. Хусусан, мазкур соҳада 2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 22,5 % ни ташкил этиб, иш ҳақи миқдори 10 709,3 минг сўмга етгани кузатилди.
Шунингдек, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти йўналишида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилиб, иш ҳақи миқдори 18 595,8 минг сўмни ташкил этди (ўсиш – 18,2 %). Саноат соҳасида ўртача иш ҳақи 8 025,6 минг сўмни ташкил этиб, 16,1 % га, таълим соҳасида эса 4 615,9 минг сўмга етди (14,2 % ўсиш). Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишида ўртача иш ҳақи 4 111,6 минг сўмни ташкил этиб, 13,0 % га ошгани қайд этилди.
Шу билан бирга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 5 331,9 минг сўм бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,2 % га ошди. Ахборот ва алоқа соҳасида бу кўрсаткич 16 525,4 минг сўмни ташкил этиб, 11,0 % га, савдо соҳасида 7 213,4 минг сўмни ташкил этиб, 10,4 % га, санъат, кўнгил очиш ва дам олиш йўналишида 5 357,7 минг сўмни ташкил этиб, 10,0 % га ошди. Қурилиш соҳасида эса ўртача ойлик иш ҳақи 6 496,1 минг сўмга етди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter