Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари бир ойда қарийб 7,8 млрд долларга ошди

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари бир ойда қарийб 7,8 млрд долларга ошди

Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 2026 йил август ойида кескин ўсиб, 1 сентябр ҳолатига 72,1 млрд долларга етди.

Марказий банк тақдим қилган маълумотларга кўра, 1 август ҳолатида захиралар 64,35 млрд доллар эди. Бир ой ичида улар 7,79 млрд долларга ёки 12,1 фоизга кўпайган.

Ўсишнинг асосий қисми олтин ҳисобига тўғри келган. Захирадаги олтиннинг қиймати август давомида 56,1 млрд доллардан 64,9 млрд долларга ошган. Яъни бир ойда қарийб 8,8 млрд долларлик ўсиш қайд этилган.

Регулятор ҳисоботига берилган изоҳда бу ҳолатга жаҳон бозорида олтин нархининг 4052,2 доллардан 4602 долларгача кўтарилиши асосий омил бўлгани қайд этилган. Фақат нарх ўзгаришининг ўзи захираларга тахминан 7,8 млрд долларлик ижобий таъсир кўрсатган.

Шу билан бирга, захирадаги олтиннинг физик ҳажми ҳам ошган. У 1 августдаги 13,85 млн трой унциядан 14,11 млн трой унцияга етган.

Аксинча, хорижий валютадаги захира активлари август ойида камайган. Уларнинг ҳажми 7,65 млрд доллардан 6,64 млрд долларга, яъни қарийб 1,02 млрд долларга қисқарган.

Жумладан, нақд валюта ва депозитлар 5,89 млрд доллардан 4,87 млрд долларга тушган. Қимматли қоғозлар ҳажми эса деярли ўзгармаган ва 1,77 млрд доллар атрофида қолган.

Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 66,3 млрд доллардан 72,1 млрд долларга кўпайган. Ўсиш қарийб 5,8 млрд доллар ёки 8,8 фоизни ташкил этган.

Ҳозирда расмий захираларнинг қарийб 90 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг