Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

170 дан ортиқ ўзбекистонлик Маккадан қайта олмаяпти

170 дан ортиқ ўзбекистонлик Маккадан қайта олмаяпти

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Бош консулхона дипломатлари Макка шаҳридаги «Kanari» ва «Al-Ayam Elite» меҳмонхоналарига ташриф буюриб, қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди. «Дунё» ахборот агентлигига кўра, айни пайтда ушбу меҳмонхоналарда 170 нафардан ортиқ зиёратчи Ватанга қайтишни кутиб турибди.

Зиёратчиларнинг маълум қилишича, улар 14 кунлик умра сафари доирасида турли гуруҳлар таркибида Саудия Арабистонига келган. Бироқ, сафарни ташкил этган шахсларнинг ёлғон маълумотлари ва хатолари оқибатида улар белгиланган вақтда ортга қайтолмаган.

Суҳбатлар давомида зиёратчиларнинг аксарияти кекса ёшда экани, улар орасида инфарктни бошидан ўтказган, қандли диабет ва қон босими каби сурункали касалликларга чалинган фуқаролар борлиги қайд этилди. Улар Ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.

Дипломатлар сўнгги йилларда умра зиёратини ташкил этиш учун рухсатномага эга бўлмаган айрим «туристик фирмалар» ва «жисмоний шахслар» томонидан тартибсиз сафарлар кўпайганини таъкидлади.

Қайд этилишича, бундай ноқонуний сафарлар нафақат Макка, балки Мадина ва Жидда шаҳарларида ҳам ўзбекистонликларни мушкул вазиятларга туширмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси лицензияси асосида 14 та туристик фирма умра зиёратини расмий равишда ташкил этаётгани маълум қилинди. Бироқ айрим фуқаролар ноқонуний ташкилотчиларнинг ёлғон рекламаларига алданиб қолмоқда.

Бош консулхона зиёратчиларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда тегишли идораларга етказилишини маълум қилди. Бироқ уларни кўриб чиқиш маълум вақт талаб қилиши қайд этилди.

Шу сабабли, вазият оғирлашмаслиги учун зиёратчиларга имкониятдан келиб чиқиб, ўз ҳисобларидан авиачипта харид қилиб Ватанга қайтиш тавсия этилди.

Шунингдек, фуқароларга уларни мушкул аҳволга солган шахслар устидан Ўзбекистонга қайтгандан сўнг тегишли идораларга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг