Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трампнинг Ғазо бўйича «тинчлик режаси» молиявий етишмовчилик сабаб тўхтаб қолди – Reuters

Трампнинг Ғазо бўйича «тинчлик режаси» молиявий етишмовчилик сабаб тўхтаб қолди – Reuters

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп илгари сурган Ғазони қайта тиклаш ва бошқариш режаси молиявий муаммолар сабаб тўлиқ амалга ошмаяпти. Бу ҳақда Reuters манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, Ғазони тиклаш учун ваъда қилинган 17 миллиард доллар маблағнинг жуда кичик қисмигина амалда ажратилган. Манбаларнинг айтишича, ҳозиргача 10 та давлатдан фақат учтаси – Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш ва АҚШ – молиявий ҳисса қўшган.

Жами ажратилган маблағ 1 миллиард доллардан ҳам кам экани қайд этилмоқда.

Бу ҳолат АҚШ қўллаб-қувватлаётган «Ғазони бошқариш миллий қўмитаси» (NCAG) фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу тузилма ҲАМАС ўрнига Ғазода бошқарувни қўлга олиши керак эди.

Манбаларга кўра, молия ва хавфсизлик муаммолари сабаб NCAG ҳозирча Ғазога киролмаяпти. Қўмита аъзолари айни пайтда Қоҳирада меҳмонхонада жойлаштирилган ва музокараларни кутмоқда.

Шу билан бирга, фаластинлик расмийлардан бири АҚШ вакиллари ҲАМАС ва бошқа гуруҳларга «ҳозирча маблағ мавжуд эмас»лигини маълум қилганини иддао қилади.

ҲАМАС эса бир неча бор ҳокимиятни ушбу қўмитага топширишга тайёрлигини билдирган, аммо Исроил қўшинларининг чиқиб кетиши ва ўқ отиш тўхтатилиши бўйича кафолатлар талаб қилмоқда.

АҚШ режасига кўра, Ғазо ҲАМАС қуролсизлантирилгандан кейин қайта қурилиши ва Исроил қўшинлари чиқиб кетиши керак эди. Бироқ бу жараён ҳозирча музокараларда тўхтаб қолган.

Мутахассислар баҳосига кўра, икки йиллик урушдан кейин Ғазони тиклаш учун тахминан 70 миллиард доллар талаб этилади. Бу вақт мобайнида ҳудуддаги биноларнинг қарийб 80 фоизи вайрон бўлган.

Айни пайтда, Эрон билан боғлиқ янги можаролар ҳам вазиятни янада мураккаблаштиргани таъкидланмоқда.

АҚШ томонидан ташкил этилган «Тинчлик кенгаши» эса молиявий муаммолар мавжудлигини рад этган ва барча сўровлар ўз вақтида қондирилаётганини билдирган.

Шу билан бирга, қуролсизлантириш бўйича музокаралар ҳам ҳозирча натижасиз қолмоқда. Исроил ҲАМАС тўлиқ қурол ташламагунча қўшинларни чиқармаслигини айтган бўлса, ҲАМАС эса бунга қарши позицияда турибди.

Айрим дипломатик манбалар Исроил яқин вақтда Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиётни қайта бошлаши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумида Исроилда 1200 нафарга яқин одам ҳалок бўлган. Жавоб зарбалари натижасида эса Ғазода 72 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг