Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳарбийларга ҳар йили БҲМнинг 100 бараваригача миқдорида моддий ёрдам берилади

Ҳарбийларга ҳар йили БҲМнинг 100 бараваригача миқдорида моддий ёрдам берилади

Фото: Xabar.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ҳужжат ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақоми, мажбуриятлари ва ижтимоий ҳимоясига оид муносабатларни комплекс тартибга солишни назарда тутади.

Қонун лойиҳасида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда улар ва оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, ҳарбий хизматчи мақомини бериш ва бекор қилиш тартиби, хизмат интизоми, хизматни ўташнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам ҳужжатда алоҳида мустаҳкамланмоқда.

Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмлари ҳам назарда тутилган. Хусусан, уларни моддий таъминлаш, тиббий хизмат, уй-жой, давлат суғуртаси ва пенсия таъминоти бўйича кафолатлар қонун даражасида белгиланмоқда.

Ҳужжатга кўра, хизмат вазифасини бажариш вақтида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар учун компенсация тўловларини амалга ошириш тартиби ҳам мустаҳкамланади.

Шу билан бирга, 20 йилдан кам бўлмаган хизмат стажига эга бўлган ва ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларга йилда бир марта санаторий-курортларга 75 фоизлик имтиёз асосида йўлланма берилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, ҳарбий хизматчиларга йилда бир марта БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда моддий ёрдам тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг