Исроилнинг «нозик нуқтаси» топилди
АҚШнинг бир гуруҳ конгрессменлари президент Дональд Трамп маъмуриятини Исроил ядро қуролига эга эканини расман тан олишга чақирди.
Демократик партия вакиллари томонидан илгари сурилган бу талаб мисли кўрилмаган ҳодиса деб баҳоланмоқда. Негаки, Вашингтон қарийб 60 йилдан бери яҳудий давлати оммавий қирғин қуроли борасида сукут сақлаб келмоқда.
Давлат котиби Марко Рубиога йўлланган мактубда демократлар АҚШ ва Исроил Эронга қарши урушаётган бир паллада яҳудий давлатининг ядро қуроли борасида ноаниқлик қалтис вазиятни янада кучайтираётгани қайд этилган.
«Конгресснинг конституциявий мажбурияти Яқин Шарқдаги ядровий мувозанат, зиддият томонларининг беқарорликни келтириб чиқариш таҳдиди ва бу каби ҳолатларда маъмуриятнинг (АҚШ ҳукумати назарда тутилмоқда – таҳр.) режаларидан тўлақонли хабардор бўлишдан иборатдир. Биз ана шундай (тўлақонли) ахборотни олмадик деб ҳисоблаймиз. Можаро томонларидан бирининг ядровий имкониятларига нисбатан қўлланаётган расмий мавҳумлик сиёсати Яқин Шарқда қуролларни тарқатмаслик сиёсатини изчил юритишни имконсиз қилиб қўймоқда. Бу Эрон, Саудия Арабистони ва минтақадаги ўз қарорларини қўшниларининг имкониятлари ҳақидаги тасаввурларига таяниб қабул қиладиган ҳар қандай бошқа давлатга тегишлидир», – дейилади Конгресснинг 30 нафар аъзоси имзолаган мактубда.
Сиёсатдонлар айни пайтда Исроил ядро қуроли борасида қандай имкониятга эга экани, уранни бойитиш қай даражада экани, Эрон билан уруш фонида оммавий қирғин қуролини қўлламаслик борасида қизил чизиқ белгиланган ёки белгиланмаганини савол остига олишган.
«Маъмурият Исроилдан ядровий қурол қўлланмаслиги борасида бирор бир кафолат олганми? Эрон билан бўлган яқиндаги можаро ёки бошқа ихтилофлар пайтида Исроил ядровий қуролдан фойдаланишни ёки уни жанговар ҳолатга келтиришни режалаштираётганига оид бирор аломат кўриндими?» – дея савол қўйилган мурожаатда.
Демократлар фикрича, АҚШ ҳукумати Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Хитой ва Шимолий Кореянинг ядро қуролига эга эканини очиқ тан олади.
«Биз Исроилга нисбатан ҳам бошқа исталган давлатга қўлланадиган стандартлар татбиқ этилиши ҳамда Америка ҳукумати унинг эҳтимолий ядровий салоҳияти ҳақида – у қандай кўринишда бўлмасин – очиқ гапиришини талаб қиламиз», – деб ёзади мактуб муаллифлари.
Исроил 1960 йиллардан буён ядро қуролига эга бўлса-да, бу борада мавҳум сиёсат юритиб келади, яъни бундай қуролга эга эканини расман тан олмайди, захираларини очиқламайди.
The New York Times газетаси 1973 йилдаёқ Исроил 10 ёки 20 дона ядро каллагига эга бўлгани ҳақида ёзган.
1980 йилларда Исроил ядро дастурида қатнашган олим Мордехай Вануну мамлакатдан қочиб кетган ва инглиз матбуотига яҳудий давлатининг махфий дастури ҳақида интервью берган. Кейинроқ давлатга хиёнатда айбланиб узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган олим Исроил тасарруфидаги оммавий қирғин қуроли ҳақида шов-шувли маълумотларни ошкор этган.
Ҳужжатларга кўра, 1968 йилда Марказий разведка бошқармаси АҚШ президенти Линдон Жонсонни Исроил ядро қуроли ишлаб чиқарганидан воқиф қилган. Кейинги президент Ричард Никсон 1969 йилда Исроил бош вазири Голда Меир билан эришган келишувга кўра, Исроил ўз ядровий арсеналини тан олмаслик ва синовдан ўтказмасликка розилик билдирган. Бунинг эвазига Вашингтон назорат масалаларида босим ўтказишни тўхтатиш мажбуриятини олган.
Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ҳисоб-китобига кўра, 2025 йил январь ойида Исроил тахминан 90 дона ядро каллагига эга эди.
Nuclear Threat Initiative ташкилоти хулосасига қараганда, Исроил ушбу каллакларни ишга туширадиган олтита сувости кемаси ва оммавий қирғин қуролини 4800-6500 км масофага таший оладиган баллистик ракеталарга эга.
Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро ташаббус (ICAN) ҳисоботида ҳам Исроил оммавий қирғин қуролига тўққиз давлатдан бири (АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Франция, Буюк Британия, Покистон ва Шимолий Корея) сифатида қайд этилган.
АҚШнинг кўп сонли қонун чиқарувчилари Оқ уй маъмуриятига Исроил ядро қуроли борасида мурожаат йўллаётгани мамлакатда сиёсий кайфият ўзгараётгани, Вашингтоннинг Тель-Авивни ҳеч қандай шартларсиз қўллаб-қувватлаш сиёсатига нисбатан норозилик ошиб бораётгани белгисидир.
The Washington Post газетаси Мидлбери халқаро тадқиқотлар институти профессори Авнер Коэнга таяниб ёзишича, Исроил ядро қуроли жамоатчилик иштирокида муҳокамага қўйилаётгани АҚШдаги икки йирик партия (республикачилар ва демократлар) қабул қилинган ошкор этмаслик маромининг бузилганини англатади.
Жорий йил 28 февраль куни Исроил Қўшма Штатлар билан биргаликда Эронга қарши кенг кўламли уруш очди, аммо кўзлаган мақсадига эриша олмади, яъни Ислом республикаси режимини йиқитолмади.
Яҳудий давлати форс давлатини кўп йиллардан буён ядро қуроли яратишга уринишда айблаб келади. Қишнинг сўнгги кунида халқаро ҳуқуқни поймол этган ҳолда бошланган урушда ҳам Тель-Авив айни шу даъвони илгари сурди.
Урушдаги муваффақиятсизлик ортидан Исроил Эронга қарши тактик ядро қуролини ишлатиши мумкинлиги ҳақида тахминлар янграмоқда.
АҚШ конгрессменлари Оқ уй маъмурияти олдига кескин талаб қўяётгани бежиз эмас. 2023 йил ноябрь ойида Исроилнинг Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияҳу Ғазо секторига оммавий қирғин қуроли саналган атом бомбасини қўллашни эҳтимолий вариант сифатида таклиф қилган эди.
Ўшанда мазкур баёнотга муносабат билдирган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Халқаро атом энергетикаси бўйича агентликни «Ғарбнинг эркатой боласи» – Исроилда ядровий бомба бор-йўқлигини тафтиш этишга ундаган эди.
2024 йилда америкалик сенатор Линдси Грэм АҚШ Япония ҳудудига ядро қуроли билан ҳамла қилганини оқлар экан, Исроил ҳам худди шундай йўл тутиши кераклиги, яъни Ғазо секторига атом бомбаси ташлаш орқали урушга якун ясаши лозимлигини айтган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter