Интернет нашрлари вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди
13 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти ташаббуси билан интернет нашрлари раҳбарлари ва ходимлари, медиа соҳаси мутахассислари ҳамда ҳудудий интернет ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Видеоконференция алоқа тизими орқали гибрид форматда ташкил этилган тадбирда республиканинг барча ҳудудларидан интернет нашрлари вакиллари онлайн тарзда қатнашди.
Мазкур учрашув интернет нашрлари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, журналистларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда медиа маконини такомиллаштириш масалаларига бағишланди.
Тадбир давомида Президентнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Жумладан, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда журналистларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг замонавий механизмларини яратиш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, узлуксиз малака оширишни ривожлантириш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш ва ижодий фаолиятни рағбатлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, унинг журналистлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрнини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида интернет ОАВ аудиториясини кенгайтириш, контент сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, таҳририятлардаги ташкилий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар билдирилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter