Мирзиёев Бухорога ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд зиёратидан бошлади
Бугун, 3 ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога келиб, вилоятдаги бунёдкорлик ишлари ва иқтисодий лойиҳалар билан танишишни бошлади.
Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. У ерда Қуръон тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.
Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд XIV асрда яшаб ўтган буюк аллома ва тасаввуфдаги нақшбандия тариқатининг асосчисидир. Унинг мақбараси атрофида асрлар давомида шаклланган меъморий мажмуа бугун ҳам ислом оламидаги эъзозли зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.
Ҳар куни ўртача 15 мингга яқин киши зиёрат қиладиган Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси «Ипак йўли: Зарафшон — Қорақум коридори» таркибида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Сўнгги йилларда мажмуанинг тарихий қиёфасини сақлаш ва зиёратчилар учун қулайлик яратиш бўйича ишлар амалга оширилди. XV аср чизмалари асосида «Дониёлбий оталиқ» мадрасаси ва «Тоқи миёна» дарвозаси таъмирланди. Шунингдек, музей экспозицияси ва илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
Президент Бухоро асрлар давомида маърифатли ислом тараққиётида муҳим ўрин тутиб келганини таъкидлади. Давлат раҳбари бу бой маънавий меросни чуқур ўрганиш, ёшлар тарбиясида ундан самарали фойдаланиш ва авлодни илм-маърифатга ундаш зарурлигини қайд этди.
«Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий боболаримиз номи билан боғлиқ мажмуалар — буларнинг барчаси бир мақсадга хизмат қилади: буюк аждодларимиз илмий меросини давом эттириш ва ёшларимизни шу руҳда тарбиялаш», — деди Шавкат Мирзиёев.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter