Мирзиёев ёш парламентарийларни «Авлодлар мулоқоти» халқаро конгрессига таклиф қилди
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг XII Ёш парламент аъзолари бутунжаҳон конференцияси иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Давлат раҳбари конференциянинг Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётганини мамлакатдаги демократик ислоҳотларга халқаро ҳамжамият томонидан берилган юксак баҳо сифатида қайд этди.
Президент дунёдаги глобал зиддиятлар, қуролли можаролар, иқлим ўзгариши, иқтисодий тенгсизлик ва ижтимоий беқарорликка эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ҳозир сайёрамиз бўйлаб 500 миллиондан зиёд болалар ва ёшлар қуролли можаролар ҳудудида яшамоқда.
Ўзбекистонда эса 39 миллионлик аҳолининг қарийб 56 фоизини ёшлар ташкил этади. Дунёдаги ТОП-100 олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар сони 3,5 минг нафардан ошган, ёшларнинг тадбиркорлар орасидаги улуши эса 35 фоизга етган.
Шунингдек, 2024 йилги сайловларда 200 га яқин ёш вакиллик органлари аъзоси этиб сайлангани қайд этилди.
Президент Ўзбекистон БМТнинг «Ёшлар – 2030» стратегиясини жадал амалга ошираётган дунёнинг 10 та етакчи давлати қаторига кирганини ҳамда Глобал ёшлар тараққиёти индексида энг тез ривожланаётган мамлакат деб топилганини таъкидлади.
Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқ доирасида «Ёшлар ва келажак авлодлар тўғрисидаги Самарқанд резолюцияси» қабул қилинишини олқишлади.
Шунингдек, давлат раҳбари конференция иштирокчиларини келгуси йили Ўзбекистонда ўтказиладиган «Авлодлар мулоқоти» халқаро ёшлар конгрессига таклиф қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter