Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг бозор қиймати асосида солиқ ҳисоблаш тартиби белгиланди
Ҳукуматнинг 2026 йил 18 майдаги 253-сонли қарори билан «Солиқ базасини айрим товарларнинг бозор нархидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Мазкур низом Солиқ кодексига мувофиқ кўчмас мулк объектлари ва ёғоч маҳсулотлари бўйича солиқ базасини бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартибини белгилайди.
Ҳужжатга кўра, агар солиқ тўловчи томонидан ҳисоб ҳужжатларида кўрсатилган нарх бозор нархидан 20 фоиздан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасини бозор қиймати асосида қайта ҳисоблаши мумкин.
Низомда белгиланишича, солиқ органлари бунда таққосланадиган бозор нархлари усулидан фойдаланади.
Кўчмас мулк объектларининг бозор нархи эса оммавий баҳолаш соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан аниқланади.
Шунингдек, солиқ органлари бозор нархини белгилашда нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, аукцион ва давлат харидлари платформалари, сотувчилар нархномалари ҳамда бошқа очиқ маълумотлардан ҳам фойдаланиши мумкин.
Товарларнинг бозор нархи эса биржа савдоларида сотилаётган айнан ўхшаш ёки бир турдаги маҳсулотлар нархи асосида белгиланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter