Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмдан ошди

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмдан ошди

Фото: Xabar.uz

2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 млн 91,1 минг сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди — 12 млн 13,9 минг сўм. Шунингдек, Навоий вилоятида ўртача иш ҳақи 8 млн 722,7 минг сўм, Тошкент вилоятида эса 6 млн 675,7 минг сўмни ташкил қилди.

Вилоятлар орасида энг юқори ўсиш суръати Жиззах вилоятида кузатилди. Бу ерда ўртача иш ҳақи 5 млн 399,4 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 20,4 фоизга ошган. Наманган (19,4 фоиз), Тошкент вилояти (17,8 фоиз), Қашқадарё (17,2 фоиз), Самарқанд (17 фоиз) ва Бухоро (16,9 фоиз) вилоятларида ҳам юқори ўсиш қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақи:

  • Тошкент шаҳри — 12 млн 13,9 минг сўм (+18,2%)
  • Навоий вилояти — 8 млн 722,7 минг сўм (+16,4%)
  • Тошкент вилояти — 6 млн 675,7 минг сўм (+17,8%)
  • Андижон вилояти — 5 млн 683,6 минг сўм (+15,1%)
  • Бухоро вилояти — 5 млн 618,2 минг сўм (+16,9%)
  • Сирдарё вилояти — 5 млн 604,9 минг сўм (+16,8%)
  • Қорақалпоғистон Республикаси — 5 млн 556,6 минг сўм (+16,2%)
  • Хоразм вилояти — 5 млн 499,8 минг сўм (+16,3%)
  • Жиззах вилояти — 5 млн 399,4 минг сўм (+20,4%)
  • Самарқанд вилояти — 5 млн 192,7 минг сўм (+17,0%)
  • Наманган вилояти — 5 млн 190,7 минг сўм (+19,4%)
  • Фарғона вилояти — 5 млн 163,5 минг сўм (+16,0%)
  • Сурхондарё вилояти — 4 млн 937,3 минг сўм (+15,8%)
  • Қашқадарё вилояти — 4 млн 864,7 минг сўм (+17,2%)

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида қайд этилди — 19 млн 100,2 минг сўм. Ундан кейинги ўринларда ахборот ва алоқа соҳаси — 17 млн 417,4 минг сўм, ҳамда ташиш ва сақлаш соҳаси — 11 млн 70 минг сўм жойлашди.

Энг юқори иш ҳақи ўсиши ташиш ва сақлаш соҳасида кузатилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,8 фоизни ташкил этди. Таълим соҳасида иш ҳақи 20,3 фоизга ошиб, 4 млн 977,1 минг сўмга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида эса 20,1 фоизга ўсиб, 4 млн 440,3 минг сўмга етди.

Қурилиш соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн 27,9 минг сўмни ташкил этиб, бир йил ичида 19,9 фоизга ошган. Савдо соҳасида ўртача иш ҳақи 7 млн 650,5 минг сўм, яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида эса 5 млн 189,6 минг сўм этиб қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг