Ўзбекистонда ягона Экология кодекси ишлаб чиқилди: 53 та қонун битта ҳужжатга жамланади
Ўзбекистонда Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат қабул қилинса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги амалдаги 53 та қонуннинг нормалари ягона кодексга бирлаштирилади. Бу ҳақда қонун лойиҳаси концепциясида маълум қилинган.
Лойиҳага кўра, янги Экология кодекси 25 бўлим, 131 боб ва 665 моддадан иборат бўлади. Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашга оид ҳуқуқий нормалар жамланади.
Ҳужжат қабул қилиниши билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Чиқиндилар тўғрисида», «Экологик назорат тўғрисида», «Ўрмон тўғрисида», «Экологик аудит тўғрисида» ва бошқа соҳавий қонунлар кодекс таркибига киритилади ҳамда улар ўз кучини йўқотган деб топилади.
Лойиҳада қатор янги ҳуқуқий механизмлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, миллий қонунчиликка «экология соҳаси» тушунчасини киритиш, «яшил сертификат» ва экологик маркировка тизимини жорий этиш, юқори экологик хавф туғдирувчи корхоналар учун мажбурий экологик суғурта, экологик аудит ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш, углерод офсети, «яшил» облигациялар, «углерод изи»ни баҳолаш, давлат космик экологик мониторинги, учувчисиз учиш аппаратларидан экологик назоратда фойдаланиш каби замонавий ёндашувлар ҳам кодексдан ўрин олган.
Лойиҳа ишлаб чиқувчиларининг таъкидлашича, Экология кодексининг қабул қилиниши соҳадаги қонунчиликни тизимлаштириш, халқаро экологик стандартларни миллий қонунчиликка жорий этиш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда қонунларни қўллаш амалиётини соддалаштиришга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter