Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пора олган бир қатор мансабдор шахслар ушланди

Пора олган бир қатор мансабдор шахслар ушланди

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Андижон вилоятидаги бир нечта коррупцион ҳолатлар фош этилди. Терговга қадар текширувларда давлат мулки, электр таъминоти ва ер ажратиш жараёнларида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланган.

Дастлабки ҳолатда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси тадбиркор билан боғлиқ суд ишини унинг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган. У Избоскан туманидаги давлат мулки объекти бўйича тузилган шартномани бекор қилмаслик эвазига 15 минг доллар талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида мансабдор сўралган маблағни учинчи шахс орқали олган вақтида ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Яна бир ҳолатда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Андижон ҳудудий филиали муҳандиси тадбиркордан 15 минг доллар талаб қилгани маълум бўлди. У шоли қуритиш цехида электрдан ноқонуний фойдаланилгани ҳақидаги далолатнома бўйича ҳисобланган 650 млн сўм зарарни камайтириб беришни ваъда қилган.

Муҳандис 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган. Тергов органлари ушбу маблағ пора сифатида талаб қилинганини таъкидламоқда.

Бошқа эпизодда эса туман кадастр бўлими бошлиғи фуқарога уй-жой ва деҳқон хўжалиги учун ер ажратиб бериш эвазига 3 минг доллар олгани аниқланган. Шунингдек, у ер ажратилгани ҳақида сохта ҳужжат расмийлаштиргани маълум қилинди.

Маълум бўлишича, жорий йил бошида ўтказилган хатлов жараёнида мазкур ер майдони ноқонуний ажратилгани фош этилган. Натижада фуқарога нисбатан 82 млн сўм жарима қўлланган.

Кадастр мансабдори олган пулни учинчи шахс орқали қайтаришга уринган вақтида фош этилган. Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни шу каби коррупцион ҳолатлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг