Президентга пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги таклифлар тақдим этилди
Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда қайд этилишича, сўнгги ўн йилда мамлакатда пенсия миқдори 3,3 баробар оширилди. Бугунги кунда энг кам пенсия 878 минг сўмни ташкил этаётган бўлса, минимал истеъмол харажатлари миқдори 715 минг сўм этиб белгиланган.
Мутахассислар фикрича, жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш орқали иқтисодиётга узоқ муддатли молиявий ресурсларни жалб қилиш мумкин. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Шу муносабат билан жамғариб бориладиган, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш бўйича янги механизмлар таклиф этилди.
Хусусан, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача бўлган фуқаро ўз жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча 2,5 фоиз маблағ қўшиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш ҳам режалаштирилган. Амалда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақи асосида ҳисобланади. Таклифга кўра, ушбу даврни 20 йилгача узайтириш ва кам даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2027 йилдан пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш таклиф этилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ўзгаришлар амалга оширилса, янги тартиб бўйича пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ўртача 8 фоизга ошиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимидаги ислоҳотлар миллионлаб фуқаролар манфаатларига дахлдорлигини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини чуқур таҳлил қилиш, уларни кенг жамоатчилик иштирокида очиқ муҳокама қилиш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, мутасаддиларга илғор хорижий тажрибани ўрганиб, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter