Қашқадарёда балиқчининг табиатга етказган зарари қарийб 13 млрд сўмга баҳоланди
Қашқадарё вилоятида тақиқланган даврда ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланиб, табиатга етказилган зарар 12,7 миллиард сўмдан ошди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, Шаҳрисабз туманида ўтказилган рейд тадбирлари давомида фуқаро Танхоз дарёсидан 412 дона Қизил китобга киритилган Амударё гул балиғи (форель) ҳамда 6 дона оддий қорабалиқни ноқонуний овлагани фош этилди.
Ҳолат бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, табиатни муҳофаза қилиш ва ҳайвонот дунёсини асрашга оид талаблар қўпол равишда бузилгани қайд этилмоқда.
Мутахассислар эслатишича, ҳозирги давр — балиқларнинг кўпайиш мавсуми бўлиб, шу сабабли мамлакатда турли ҳудудларда балиқ овлашга вақтинча тақиқ жорий этилган. Бу чекловлар биоресурсларни сақлаб қолиш ва айрим турларнинг йўқолиб кетишининг олдини олишга қаратилган.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик бўйича ҳужжатлар Қашқадарё вилояти прокуратурасига юборилган. Тегишли тартибда жавобгарлик чоралари кўрилиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter