Самарқанд шаҳри ҳудуди икки баробар кенгайиши мумкин
Самарқанд шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси лойиҳасига кўра, шаҳар ҳудуди қарийб уч бараварга кенгайиши режалаштирилган. Ҳужжатда шаҳар майдонини ҳозирги 11,2 минг гектардан 28,4 минг гектаргача ошириш назарда тутилган.
Шу билан бирга, аҳоли сони ҳам сезиларли ўсиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, 2045 йилга бориб Самарқанд аҳолиси 1,2 миллион кишига етади.
Ҳукумат қарори лойиҳасида шаҳарни комплекс ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва қурилиш ишларини ягона бош режа асосида амалга ошириш белгиланган. Янги қурилишлар мастер-режа ҳамда батафсил режалаштириш ҳужжатлари асосида тасдиқланади.
Бош режада шаҳар ҳудудлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилмоқда. Консервация ҳудудларида маданий мерос объектлари ва яшил ҳудудлар муҳофаза қилиниб, янги қурилишларга чеклов қўйилади.
Реновация зоналарида эса эски ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган бинолар ўрнида янги турар жой ва инфратузилма мажмуалари барпо этилади.
Лойиҳада транспорт тизимига ҳам катта урғу берилган. 2045 йилгача Самарқандда 837 километр янги йўл қуриш, 160 километр мавжуд йўлларни кенгайтириш ҳамда янги трамвай тармоқларини яратиш режалаштирилган.
Бош режада экология масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, шаҳарда қўшимча 11 минг гектар яшил майдон ташкил этиш ва атроф ҳудудларда 18 минг гектарлик яшил белбоғ барпо қилиш кўзда тутилмоқда.
Натижада аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудлар ҳажмини икки баробар ошириш мақсад қилинган. Ҳозир бу кўрсаткич 5 квадрат метрни ташкил этса, келажакда 10 квадрат метрга етказилади.
Булардан ташқари, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Самарқанд тарихий марказида амалга ошириладиган ўзгаришлар халқаро талаблар асосида мувофиқлаштирилиши белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter