Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Синглисининг «сири»дан даромад кўзлаган шахс ушланди

Синглисининг «сири»дан даромад кўзлаган шахс ушланди

Фото: Xabar.uz

Бухоро шаҳрида синглисининг шахсий ҳаётига оид маълумотлардан ғаразли мақсадда фойдаланган аёлнинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари маълум қилди.

Таъкидланишича, 2007 йилда туғилган фуқаро Ж.Н. синглиси Р.Н. ва унинг таниши Д.Д. ўртасидаги ишқий муносабатлардан хабар топган. Бироқ, у бу ҳолатни сир сақлаш ёки муаммони тинч йўл билан ҳал этиш ўрнига, вазиятдан моддий манфаат кўришни мақсад қилган.

Гумонланувчи аёл йигитни унга тегишли расм ва видеоларни унинг оила аъзоларига кўрсатиш, ижтимоий тармоқларда тарқатиш ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, уни жавобгарликка тортиш билан қўрқитган. Шу тариқа у жабрланувчидан 2000 АҚШ доллари талаб қилган.

Бухоро шаҳрида Ички ишлар бошқармаси, Тезкор қидирув хизмати ҳамда бошқа масъул идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи Ж.Н. талаб қилинган пул маблағини Д.Д.дан олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тергов жараёнида у қилмишидан пушаймон эканини билдириб: «Оилавий сирдан фойдаланиб, пул ишлашга уринганим катта хато бўлди. Бир лаҳзалик манфаат, деб ўз келажагимни хавф остига қўйдим. Қилган ишимдан қаттиқ афсусдаман»,— деган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу моддага мувофиқ, айбдор шахс 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг