Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркорлар энди баъзи ҳолларда мансабдорларни бизнесини текширишига рухсат бермаслиги мумкин

Тадбиркорлар энди баъзи ҳолларда мансабдорларни бизнесини текширишига рухсат бермаслиги мумкин

Президентнинг 2026 йил 17 апрелдаги ПФ–63-сон Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 августдан бошлаб «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида «Бизнес ҳимоя» QR-коди жорий этилади.

Янги тартибга кўра, тадбиркорлик субъекти томонидан назорат қилувчи орган мансабдор шахсига Текширувларни рўйхатга олиш электрон китобини тақдим этиш амалиёти бекор қилинади.

Эндиликда назорат қилувчи орган мансабдор шахси текширувни бошлашдан олдин «Ягона давлат назорати» ахборот тизимининг мобил иловаси орқали тадбиркорлик субъектидаги «Бизнес ҳимоя» QR-кодини сканерлаб, текширувни тизимда рўйхатдан ўтказиши шарт.

Давлат хизматчилари «Бизнес ҳимоя» QR-коди орқали текширув ёки мулоқот ҳақидаги маълумотни белгиланган тартибда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари уларни текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ва мулоқотга киришмаслик ҳуқуқига эга бўлади.

Назорат қилувчи орган мансабдор шахси ёки давлат органининг бошқа масъул ходими ушбу талабларга риоя этмаса, бу тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш сифатида баҳоланади.

Фармонга мувофиқ, Бизнес-омбудсман Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар, биринчи навбатда, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектларини «Бизнес ҳимоя» QR-коди билан таъминлаш чораларини кўради.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда 2026 йил 1 июлга қадар Фармон талабларидан келиб чиқиб, «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ҳамда унинг мобил иловасини такомиллаштириши белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг