Тиббиёт ходимларига имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби ишлаб чиқилди
Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека имтиёзлари жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, бундай ходимларга ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Мазкур имтиёз Президентнинг 2025 йил 9 ноябрдаги қарорида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу жараённи ташкил этиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади. Барча жараёнлар махсус ахборот тизими орқали автоматлаштирилади.
Ипотека субсидиялари ҳар йили чораклар бўйича тенг тақсимланади. Ариза берувчилар давлат хизматлари марказлари орқали ёки электрон платформада рўйхатдан ўтиб мурожаат қилиши мумкин.
Аризаларни қабул қилишда ягона мезон қўлланилади. Яъни, номзод ҳозирда давлат тиббиёт муассасасида ишлаётган бўлиши ва камида 15 йил иш стажига эга экани тасдиқланиши шарт.
Ҳар бир шахс бир чорак давомида фақат битта ариза топшириши мумкин. Қабул жараёни чоракнинг охирги иш куни белгиланган вақтда автоматик равишда якунланади.
Субсидия олувчилар тасодифий танлов орқали аниқланади. Ҳар чоракда белгиланган квота доирасида 125 нафар иштирокчи “ғолиб” сифатида танлаб олинади.
Танлов жараёни онлайн тарзда ўтказилиб, унинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тўғридан-тўғри трансляция қилинади. Барча натижалар электрон шаклда иштирокчиларга етказилади. Ғолиблар 6 ой давомида ипотека шартномаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter