Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Учкўприкда чақалоқнинг ўлик туғилиши ортидан хизмат текшируви бошланди

Учкўприкда чақалоқнинг ўлик туғилиши ортидан хизмат текшируви бошланди

Фарғона вилояти Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси ижтимоий тармоқларда тарқалган чақалоқ ўлими ҳолати юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 30 май куни Олмурод маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган М.Ниёзова туғуруқ оғриқлари ва қоғаноқ суви кетиши шикояти билан туман туғуруқхонасига мурожаат қилган.

31 май куни эрталаб соат 08:40 да аёл ўлик чақалоқни дунёга келтирган.

Тиббий хулосага кўра, ҳомиладорлик 38 ҳафталик бўлган. Бу иккинчи туғуруқ ҳисобланиб, чақалоқ чаноқ билан — оёқ қисми орқали келган. Қиз боланинг вазни 3300 грамм, бўйи эса 50 сантиметр бўлган.

Туман тиббиёт бирлашмасига кўра, миллий клиник протоколларда биринчи туғуруқ ва ҳомила вазни 3500 граммдан юқори бўлган ҳолатларда кесарча кесиш тавсия этилади. Мазкур ҳолатда эса бемор иккинчи марта туғаётгани ва ҳомиланинг тахминий вазни 3100 грамм деб баҳолангани учун табиий туғуруқ усули танланган.

Қайд этилишича, туғуруқ жараёнида ҳомиланинг елка ва бош қисмини чиқариш учун махсус акушерлик усуллари қўлланган. Бироқ техник қийинчиликлар сабаб чақалоқ бош қисми қийин чиққан ва у ўлик ҳолатда туғилган.

Шифокорлар томонидан реанимация чоралари кўрилган, аммо улар самара бермаган.

Тиббиёт бирлашмаси барча жараёнлар амалдаги клиник протоколлар асосида олиб борилганини билдирган. Айни пайтда ҳолат юзасидан хизмат текшируви давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг