«Бечора»лик — янги чорами?
«Биз шу қадар “бечорамиз”ки, ҳатто пишлоқнинг моғорлаганини еб, винонинг эскисини ичишга мажбурмиз. Машинамизнинг эса томи ҳам йўқ... Қишда иссиқ кийим тополмаганимиздан “иссиқ ўлкалар”га қочиб қоламиз». Комик актёр Лесли Нилсеннинг бу машҳур сатираси шунчаки шўхлик эмас, балки бугунги айрим “камбағал” санъаткорларимизнинг аҳволига чизгидек гўё. Айниқса, “солиқ” сўзини эшитиб, дод-фарёд қилаётган “юлдузлар”нинг ҳолатига бу киноя жуда мос тушади.
Бундай “чиқишлар”да айрим “бечоралар” кредит оғирлигидан нолиса, бошқалари давлат тадбирларида бепул хизмат қилишини миннат билан пеш қилади. Ваҳоланки, вилоятларда қўй сўйиб кутиб олинадиган, юксак ҳурмат-эҳтиром билан қаршиланадиган байрам ва маросимларда иштирок этиш улар учун гўё “оғир мажбурият” эмиш. Аслида эса, халқнинг ардоғида бўлиш ва юрт хизматида туриш — ҳар бир ижодкор учун шараф бўлиши керак эмасми?
Келинг, тарихга назар ташлайлик. Ҳақиқий санъаткорлар қандай бўлган? Масалан, Лутфихоним Саримсоқова фронт олови ичида, бомбалар ёмғири остида концерт берган. У халқ қалбига умид улашган бўлса-да, “Халқ артисти” унвонини уруш тугаганидан 12 йил ўтиб олган. Тамарахоним эса Катта Фарғона канали қурилишида нафақат саҳнада, балки меҳнат майдонида ҳам елкадош бўлган. Кейинчалик фронт бўйлаб берган концертларидан тушган маблағларни армия фондига ўтказиб, ғалабага беқиёс ҳисса қўшган. Улар миннат қилмаган, ҳисоб-китоб билан яшамаган. Улар Ватан, халқ ва бурч тушунчаларини қалб амри билан ҳис қилганлар.
Шу боис, бугун “бечоралик” ниқоби ортига яшириниб, солиқдан қочишга уриниш — нафақат кулгили, балки ачинарлидир. Зеро, ҳақиқий санъаткор нафақат саҳнадаги маҳорати, балки жамият олдидаги масъулияти билан ҳам улуғдир.
Бир қаранг: кун бўйи тер тўкиб, миллион сўмга ҳам етмайдиган маош олувчи фаррош, қоровул ёки темир билан тиллашиб ҳалол ризқ топаётган чилангар... Улар ойликдан-ойликка зўрға етса-да, давлат олдидаги мажбуриятини — солиқларини вақтида тўлайди.
Энди “бечора” санъаткорларга боқинг: баланд саҳналар, ёруғ прожекторлар, тинимсиз олқишлар ва миллионлаб гонорарлар... Бир кечада оддий меҳнаткаш бир йилда тополмайдиган маблағни ишлаб топаётганлар нега солиқ тўламаслиги керак? Нега машҳурлик айримлар учун имтиёзга, солиқ эса “жазо”га айланиб қолди?
Бугун камбағалликка қарши кураш — давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Жойларда раҳбарлар ва тадбиркорлар эҳтиёжманд оилаларни фаровон ҳаётга қайтариш учун бор куч-имкониятини сафарбар этмоқда. Назаримда, “бечора” санъаткорлар масаласида ҳам янгича, адолатли ва принципиал ёндашув вақти келди.
Эндиликда ҳар бир қўшиқчидан фақат даромадига яраша солиқ олиш билан чекланмай, уларни муҳтож оилаларга бириктириш амалиётини йўлга қўйиш лозим. Бу нафақат моддий кўмак, балки юлдузларимизда жамият олдидаги масъулиятни ҳис этиш ва виждон билан яшаш маданиятини шакллантиради. Шояд, шунда улар учун “Ватан” ва “халқ” сўзлари шунчаки баландпарвоз жумла эмас, балки юракдан ҳис қилинадиган муқаддас бурчга айланса.
Шу билан бирга, хорижда бизнес юритаётган айрим “эркатой” санъаткорларга ўз юртида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш каби аниқ ва мажбурий ижтимоий вазифалар юкланиши шарт. Зеро, она юртда топган обрў ва имконият, аввало, шу юртнинг равнақига хизмат қилиши лозим. Ана шундагина адолат ҳам, инсоф ҳам, виждон ҳам ўз ўрнини топади. Чунки ҳақиқий улуғлик фақат саҳнадаги чиқишларда эмас, балки халқ олдидаги бурчни сидқидилдан адо этишда намоён бўлади
“Санъаткор — жамият кўзгуси”, деймиз. Демак, ўша кўзгуда фақат безакли образ эмас, балки ҳақиқий инсонийлик, масъулият ва адолат ҳам акс этиши шарт.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter