Euronews ва CNN «Маърифат акс-садоси»ни тақдим этмоқда: замонавий дунёни тасаввур қилиш учун муҳим бўлган ўн шахс
Euronews ва CNN телеканаллари халқаро «Маърифат акс-садоси» лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг ўн нафар буюк шахсиятига бағишланган видеороликлар туркумининг бўлажак намойишини эълон қилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳа ҳикоячиси сифатида «Оскар» мукофоти соҳиби, жаҳонга машҳур актёр Бен Кингсли иштирок этмоқда. Унинг овози лойиҳага халқаро мазмун бағишлаб, мураккаб тарихий ва илмий мавзуларни кенг жаҳон аудиторияси учун тушунарли қилади.
Лойиҳа қаҳрамонлари — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур — математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, санъат ва давлатчилик тафаккури ривожини уларсиз тасаввур этиб бўлмайдиган ўнта улуғ шахслардир.
Лойиҳа Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини жаҳон маданий-илмий маконига қайта олиб кириб, замонавий цивилизациянинг кўплаб фундаментал ғоялари Европа университетлари пайдо бўлишидан анча олдин — Буюк Ипак йўли маданий чорраҳаларида шаклланганини эслатади.
— «Маърифат акс-садоси» лойиҳаси — ўтмиш ҳақидаги ҳикоя эмас, балки келажак билан маъноли мулоқот. Бизнинг вазифамиз — Марказий Осиё заминида шаклланган, жаҳон илми, маданияти ва инсон тафаккури тараққиётига ҳал қилувчи таъсир кўрсатган цивилизацияларни, шахсиятлар ва кашфиётларни дунёга қайтариш. Ушбу лойиҳани амалга ошириш Давлат раҳбари топшириқларига мувофиқ белгиланган вазифаларни бажаришдаги яна бир муҳим қадамдир, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter