Бухорода саксовулфурушлар аниқланиб маҳкамага тортилди
Бухоро вилояти Шофиркон туман Чандир маҳалласидаги устахоналардан бирида содир этилган воқеа кўпчиликни сергак торттирди. Воқеага кўра, бир нечта фуқаролар очиқдан-очиқ туман экология бўлими ходими ҳамда ИИБ инспекторнинг қонуний талабларига бўйсинишмаган. Жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, майда безорилик ҳаракатларини содир этишган.
Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шароповнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, қоидабузар фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди томонидан кўриб чиқилган.
Ҳолатга кўра, 4 нафар фуқаро ноқонуний равишда саксовул кесиб, табиатга нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳаракатини содир қилишган. Воқеадан хабар топган Экология бўлими ходими ҳамда ИИБ инспектори улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини ўз вақтида пайқаб, уларга нисбатан тегишлича баённомаларни расмийлаштираётганида мазкур шахслар уларнинг қонуний талабларига бўйсинмасдан, бақир-чақир қилишган, жамоат тартибини бузишган.
Бу ҳам етмагандек, фуқаро А.С.нинг хатти-ҳаракатлари хавфли тус олган. У ўзига тегишли «Форд Транзит» автомашинасини ҳайдаб қочиб, экология бўлими ходимини автомашинасига мажбуран олиб кирган. Ва қўполлик билан автомашина эшикларини қулфлаб, уни Читгарон қишлоғигача куч ишлатиб олиб келган. Манзилга етгач, экология бўлими ходимининг оёғидан тортиб, судраб туширган. А.С. чўнтагида ғилофсиз ҳолда бир дона «ошхона пичоғи»ни ҳам олиб юрган бўлган. У экология бўлими ходимини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаб, куч ишлатиб, унга нисбатан зўравонлик кўрсатган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида А.С.нинг илгари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилгани аниқланган.
«Қонун талабларига бўйсинмаган, давлат органи ходимларига нисбатан куч ишлатиб, ҳуқуқбузарликлар содир этган тўртала шахс ҳам жавобгарликка тортилди. Ҳар бир айбдор ўз қилмишига кўра, суд олдида жавоб беришди. Қонун олдида ҳеч ким имтиёзли эмас. Давлат органи ходимига бўйсинмаслик, уни менсимаслик ва унга қарши куч ишлатиш жиноят саналади», - деди Феруз Шаропов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter