Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

1 май санасидан Ўзбекистонда кутилаётган ўзгаришлар эълон қилинди

1 май санасидан Ўзбекистонда кутилаётган ўзгаришлар эълон қилинди

Фото: Freepik

2026 йил 1 майдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар рўйхати тақдим этилди.

Ҳар қандай даражадаги стандартлардан фойдаланишга ихтиёрий тус берилади, халқаро (минтақавий, хорижий) стандартларни республика ҳудудида қабул қилишнинг халқаро амалиёти жорий этилади ҳамда стандартларинг расмий рўйхати миллий стандартлар даражасида шакллантирилади.

Янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг лойиҳа ҳужжатларида ҳар бир подъездга, лифтларга ва туташ ҳудудга кузатув камералари, шунингдек, кириш эшикларига домофон комплекслари ўрнатиш назарда тутилади.

«Умра» тадбирига олиб бориш «Ҳаж ва Умра» ягона порталида мажбурий рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.

Эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар) ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосида фаолият юритадиган «Ақлли» миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилади.

Халқаро дастурлар («Stent for Life» ва «Action Plan for Stroke») асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури босқичма-босқич жорий этилади.

Товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.

Ташқи савдога оид нотариф тартиботларни белгилашнинг қуйидаги шаффоф механизми жорий этилади:

- тақиқ ва чекловлар реестри юритилади, уларни ўрнатишдан камида 3 ой олдин «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида эълон қилинади;

- ваколатли давлат идоралари, уларнинг қуйи ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ҳар бир турдаги хизматлар учун йиғимлар (тўловлар) миқдори ва калькуляцияси «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида эълон қилинади.

Архив хизматларини кўрсатишда қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади:

- талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказишда тегишли архив муассасаси ёки ташкилот раҳбарининг тавсия хати;

- мавзули сўровлар тўғрисида маълумотнома беришда сўралаётган ҳужжатнинг нусхаси;

- давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини, шунингдек, Миллий архив фондининг нодавлат қисмига киритилган архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш учун рухсатнома беришда архив ҳужжатларини тасарруфдан чиқариш ёки бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш шаклини тасдиқловчи ҳужжатлар;

- тижорат ташкилоти ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома. Бунда мазкур ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан Архив ахборот тизими орқали мустақил равишда олинади.

Ногиронликни белгилаш (болаликдан ногиронлиги бўлган, I ва II гуруҳ ногиронлари) бўйича давлат хизматини кўрсатишда фуқароларга тиббиёт муассасаларига имтиёзли даволаниш учун бериладиган йўлланмани шакллантириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади.

Белгиланишича, барча турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади ҳамда фақат «Лицензия» ахборот тизими ёки Ягона портал орқали амалга оширилади (бундан Марказий банк ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари мустасно).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг