Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

15 октябрдан 30 ноябрга қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади

15 октябрдан 30 ноябрга қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимиз аҳолиси 1989 йилдан буён қарийб икки баробар, иқтисодиётимиз эса сўнгги саккиз йилда икки карра ўсди. Бундай ўзгаришлар аҳоли таркиби, яшаш манзиллари, ер ресурслари, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат манбалари тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотларга бўлган эҳтиёжни оширди.

Шу мақсадда жорий йилда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари бўйича ахборот берилди.

Дастлабки натижаларга кўра, юртимизда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этди. Амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилди.

Амалдаги маълумотлар билан солиштирганда Жиззах вилояти аҳолиси 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланди. Бухоро вилоятида кўрсаткич деярли ўзгармаган, бошқа ҳудудларда эса ўсган. Хусусан, Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳрида эса 15,8 фоиз кам экани маълум бўлди.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилди. Шундан 789,5 минг гектари экин ерлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.

Жараёнларнинг рақамлаштирилгани ҳисобига рўйхатга олиш харажати аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмади. Бу МДҲ давлатларидаги кўрсаткичларга нисбатан 15 баробар кам. Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этди. Барча жараёнлар 15 кунда якунланиб, Ўзбекистон рўйхатга олиш тезлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади.

Рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланиб борадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига оид 100 та, қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига доир 50 та кўрсаткич янгиланади. Шунингдек, 2017-2025 йиллар учун миллий ҳисоблар кўрсаткичлари қайта баҳоланади.

Тақдимотда иқтисодий фаолиятни тўлиқ статистик ҳисобга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигида умумий айланманинг 60 фоизи ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.

Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти. Рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламайди ёки фаолиятини тўхтатган.

Мазкур ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4-5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолмоқда. Ушбу фаолиятни тартибга солиш бюджетга қўшимча ўнлаб триллион сўм тушум таъминлаш ва келгусида солиқ юкини камайтириш имконини беради.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифи маъқулланди. Унинг доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилиб, субъектларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилади. Корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрлар янгиланиб, танланма кузатувлар учун ишончли асос яратилади.

Миллий статистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режалар ҳам кўриб чиқилди. Тадбиркорлар тақдим этадиган ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш, маъмурий ва муқобил маълумотлар манбалари сонини 1,7 баробар ошириш, уларга ишлов бериш вақтини 20 фоизга ва харажатларни 25 фоизга камайтириш мақсад қилинган.

Маълумотларни бошқариш бўйича ягона ёндашувни шакллантириш мақсадида вазирлик ва идоралар иштирокида Маълумотларни бошқариш комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинди.

Комиссия жорий йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларидаги маълумотларни бошқариш тизимларини тўлиқ хатловдан ўтказади, 2027 йил 1 майгача уларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.

2027 йил 1 июлга қадар Миллий маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Платформа маълумотларни ягона тизимга интеграция қилиш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, таҳлил ва замонавий рақамли хизматларни ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Очиқ маълумотлар билан ишлаш бўйича лойиҳа офисини ташкил этиш ва давлат идоралари учун “Очиқ маълумотлар рейтинги”ни жорий қилиш таклиф этилди.

Статистика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва тадқиқотларни кенгайтириш мақсадида Маълумотларга асосланган бошқарув мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда давлат идоралари, бизнес, статистика органлари, оммавий ахборот воситалари, тадқиқотчилар ва талабалар учун маълумотларни бошқариш, бизнес-таҳлил, сунъий интеллект, маълумотлар журналистикаси ва визуализация бўйича ўқув дастурлари йўлга қўйилади.

Миллий статистика тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳам кенгайтирилади. 2027 йил 1 июлга қадар статистик маълумотлар сунъий интеллект тизимлари ўқий оладиган форматларда эълон қилинади. Статистик кўрсаткичларни таққослаш ва чуқур таҳлил қилиш имконини берувчи сунъий интеллект агентлари жорий этилади. 2027 йил якунига қадар аҳоли, демография, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва ҳудудий ривожланишга оид маълумотлар геофазовий рақамли хариталарда акс эттирилади.

Шунингдек, 2027-2028 йилларда Мультииндикатор кластер кузатувининг еттинчи раундини ўтказиш ҳамда Халқаро валюта жамғармаси иштирокида миллий статистика тизимининг халқаро стандарт ва кодексларга мувофиқлигини баҳолаш режалаштирилган.

Тақдимотда “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегияси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Унда статистика тизимини мувофиқлаштириш ва маълумотлар сифатини таъминлаш, халқаро стандарт ва методологияларни жорий этиш, рақамли трансформация, маъмурий ва муқобил маълумотлардан кенг фойдаланиш ҳамда фойдаланувчига йўналтирилган очиқ статистикани ривожлантириш устувор йўналишлар этиб белгиланган.

Давлатимиз раҳбари аниқ, тезкор ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш, ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Мутасаддиларга рўйхатга олиш натижаларини чуқур таҳлил қилиб, давлат дастурларида кенг қўллаш, бизнесни рўйхатга олиш тадбирини сифатли уюштириш, маълумотларни бошқаришнинг ягона тизимини жорий қилиш ҳамда миллий статистика тизимини халқаро стандартлар асосида изчил ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг