Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Агар кимдир катта пул ишламоқчи бўлса, Россияга борсин – Лукашенко

Агар кимдир катта пул ишламоқчи бўлса, Россияга борсин – Лукашенко

Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлган суҳбати ҳақида гапириб, Ўзбекистонга гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб бериш масаласи муҳокама қилинганини маълум қилди.

Лукашенконинг айтишича, Мирзиёев ундан нафақат ўзбекистонликларни иш билан таъминлаш, балки мамлакатга гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб беришни ҳам сўраган.

«Президент Мирзиёев мендан одамларни иш билан таъминлашнигина эмас, балки гўшт ва сут етказиб беришни ҳам сўради. Уларда ер етарли эмас, сув ҳам кам. Бизда эса ер ҳам, сув ҳам етарли, гўшт ва сут ишлаб чиқариш имконияти бор», — деди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, Беларусь томони Ўзбекистон учун бошқа бозорларга мўлжалланган маҳсулотларни қайта йўналтиришга ҳам тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, Лукашенко Беларусь қишлоқ хўжалиги соҳасига ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини жалб этиш таклифи ҳам айнан ушбу ҳамкорлик билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, ўзбекистонликлар Беларусга фақат маош топиш учун эмас, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариб, кейин уларни Ўзбекистон бозорига етказиб бериш мақсадида таклиф этилмоқда.

«Агар кимдир катта пул ишлаш учун келмоқчи бўлса, унда Россияга боргани маъқул. У ерда маош анча юқори. Бизга эса гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун одамлар керак», — деди Беларусь раҳбари.

Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусьда ишлайдиган ўзбекистонликлар соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида беларуслар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Андижон вилояти ҳокимлиги 200 нафарга яқин меҳнат муҳожирларининг Витебск вилоятида ишлаш учун кетгани ҳақида хабар тарқатган, бироқ бир неча кун ўтиб, Беларусга борган фуқаролар ойлик маош камлигидан шикоят қилиб ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг