Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ мулозими Эрон шоҳининг ўғли билан махфий равишда учрашди

АҚШ мулозими Эрон шоҳининг ўғли билан махфий равишда учрашди

АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Эроннинг 1979 йилда тахтдан ағдарилган шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли шаҳзода Ризо Паҳлавий билан махфий равишда учрашди, деб хабар берди Axios нашри.

Суҳбат тафсилотлари очиқланмаган, аммо Уиткофф ва Паҳлавий Эронда давом этаётган аксилҳукумат намойишларини муҳокама қилгани тахмин этилмоқда.

Айни пайтда АҚШда яшаётган 65 ёшли Ризо Паҳлавий намойишчиларни Эроннинг йирик шаҳарларини эгаллашга даъват этиб келмоқда. У 11 январь куни Fox News телеканалига берган интервьюсида Эронга қайтишга тайёр эканини билдирди. Собиқ шоҳнинг ўғли АҚШни Эронда Ислом республикаси тузумини ағдариш учун кескин чораларга ундамоқда.

Axios нашри ёзишича, Оқ уй ўзини валиаҳд шаҳзода деб иддао қилиб келаётган Ризо Паҳлавийни муҳим сиёсий ўйинчи деб кўрмаган. Эрондаги норозилик ҳаракати иштирокчиларининг бир қисми Ризо Паҳлавийни қўллаб-қувватлагани Трамп маъмурияти мулозимларини ҳайрон қолдирган. Уиткофф билан учрашув Оқ уйнинг Ризо Паҳлавийга муносабати ўзгараётганидан далолат бериши мумкин.

Маълумот ўрнида: Эрондаги оммавий норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрь куни Теҳрондаги катта бозорда бошланган, кўплаб савдогарлар гиперинфляция ва нарх-навонинг кескин кўтарилишига қарши норозилик сифатида дўконларини ёпган эди. Намойишлар тез орада бутун мамлакатга ёйилди. Иқтисодий талаблар билан бошланган норозилик ҳаракати сиёсий акцияга айланиб кетди.

Ғарб матбуоти инсон ҳуқуқлари ташкилотларига таяниб ёзишича, намойишлар давомида юзлаб киши ҳалок бўлган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Дональд Трамп оммавий намойишлар домида қолган Эронга нисбатан жиддий ҳарбий чоралар кўрилишидан огоҳлантирган.

Трамп таъсир чораларидан бири сифатида Эрон Ислом Республикаси билан бизнес юритаётган давлатларга нисбатан 25 фоизлик бож жорий этди.

АҚШнинг Эрондаги дипломатик ваколатхонаси Америка фуқароларини мамлакатни зудлик билан тарк этишга чақирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг