Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Боғча педагоглари учун дуал таълим жорий этилади

Боғча педагоглари учун дуал таълим жорий этилади

Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагоглар учун ишдан ажралмаган ҳолда олий таълим олиш имконияти яратилади.

Бу «Мактабгача таълим йўналиши бўйича халқаро тажриба асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Ҳукумат қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида ишлаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун бакалавриат босқичида дуал таълим шакли жорий этилади.

Янги тартибга кўра, педагоглар ҳафтасига бир кун педагогика олий таълим муассасасида таҳсил олади, қолган беш кун эса ўз иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттиради.

Дуал таълимга мактабгача таълим ташкилотларида камида уч йил иш тажрибасига эга ўрта махсус маълумотли педагоглар тест синовлари асосида қабул қилинади. Улар фақат ўзлари фаолият юритаётган ҳудуддаги педагогика олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириши мумкин.

Қарорда, шунингдек, халқаро таълим дастурларини кенгайтириш чоралари ҳам назарда тутилган. Жумладан, 2028/2029 ўқув йилидан Ўзбекистон миллий педагогика университети, 2029/2030 ўқув йилидан эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагогика олий таълим муассасаларининг халқаро таълим дастурлари жорий этилган бакалавриат йўналишлари битирувчи курс талабаларига ўз хоҳишига кўра касбий сертификатлаш синовларида бепул иштирок этиш имконияти берилади.

Ҳукумат қарори билан мазкур чоралар мактабгача таълим тизимида малакали педагог кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва соҳага халқаро тажрибани кенг жорий этишга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг