Bo‘zatov FEST-2026: эстрада йўналишида қизғин беллашувлар бўлиб ўтди
Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида старт олган «Ёшлар овози – Bo‘zatov FEST» республика танлови ўзининг қизғин палласига кирди. Бахшичилик ва опера йўналишларидаги муросасиз беллашувлардан сўнг, бугун саҳна эстрада йўналиши иштирокчиларини ўз бағрига олди. Санъат байрамида ёш ижрочилар иқтидор ва маҳоратларини намойиш этдилар.
Бу йилги танловда мамлакат бўйлаб 370 минг нафар ёш рўйхатдан ўтган бўлиб, улар орасидан сараланган 165 нафар энг иқтидорли иштирокчи республика босқичида ғолиблик учун беллашмоқда.
Турли ёш тоифасида беллашаётган ёш хонандалар ўзбек ва жаҳон эстрадасининг машҳур намуналарини ижро этдилар. Саҳнада хорижий қўшиқлар билан бир қаторда миллий эстрадамизнинг севимли асарлари — «Мажнунтол», «Кутаман», «Араб тангоси», «Ўзбекнинг боласи» каби қўшиқлар ҳам янгради.
Иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб борган ҳакамлар ҳайъати нафақат баҳолар қўйди, балки ёш истеъдодларга муҳим тавсиялар ҳам бериб ўтди. Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева иштирокчилар ва уларнинг устозларига мурожаат қилиб, репертуар танлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидларкан:
— Ҳар бир боланинг овози, имконияти ва ёшига мос қўшиқ танлаш керак. Баъзан ўрин олиш илинжида жуда оғир асарлар танланади. Аслида эса ижрочининг табиий имкониятларини очиб берадиган қўшиқлар кўпроқ самара беради, — деди.
Шунингдек, устоз санъаткор иштирокчиларнинг баъзиларига алоҳида эътибор қаратиб уларнинг овоз имкониятларини юқори баҳолади ва овозни эҳтиёт қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Беллашувлар давомида саҳнада нафақат мусиқа, балки тажриба алмашиш, устозлар маслаҳати ва ижодий мулоқот муҳити ҳам ҳукм сурди. Бу эса «Ёшлар овози» танловининг шунчаки ғолибларни аниқлаш эмас, балки ёш истеъдодларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим лойиҳа эканини яна бир бор намоён қилди.
Фестивал 5 июнга қадар давом этади. Олдинда эса иштирокчиларни яна янги чиқишлар ва ҳал қилувчи беллашувлар кутмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter