Давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш тизими тубдан ўзгариши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда қайд этилишича, сўнгги йилларда давлат хизматида кадрларни танлаш, ишга қабул қилиш ва рағбатлантириш тизими такомиллаштирилди. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берган алоҳида қонун қабул қилинди, давлат органларида бошқарув ходимларининг штат бирликлари 2016 йилдаги 73 мингдан 54 мингтагача мақбуллаштирилди.
Шу билан бирга, амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида қатор номутаносибликлар сақланиб қолаётгани таъкидланди. Бугун давлат хизматчилари иш ҳақида лавозим маошининг улуши 15 фоиздан ошмайди, иш ҳақи фондининг қарийб 70 фоизи эса ходимнинг аниқ натижасига боғланмаган устама ва мукофотлар ҳиссасига тўғри келади.
Шу муносабат билан давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона, очиқ ва натижага асосланган тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Янги тизим 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олади. Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш, ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўловини белгилаш режалаштирилган.
Ходимларнинг малакаси, функционал вазифаларни бажариши, ижро ва меҳнат интизоми, ташаббускорлиги KPI орқали баҳоланиб, шу асосда устама тўланади. Шунингдек, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ҳамда юқори натижага эришган ходимларга ҳисобот даври якуни бўйича бонус тўловлари берилиши кўзда тутилмоқда.
Таклифларга кўра, ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда иш ҳақи ҳамда штат бирликлари аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
Президент меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ҳамда эришган натижалари билан узвий боғлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, бонус тўловлари сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологияларини ўзлаштириш, малака ва билимларни ошириш каби аниқ мезонлар асосида белгиланиши қайд этилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter