Диабет ва эндокрин касаллиги бор беморлар жазирамада нималарга эътибор бериши керак?
Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари ёзнинг жазирама кунларида қандли диабет ва бошқа эндокрин касалликларга чалинган беморларга саломатликка алоҳида эътибор қаратишни тавсия этди.
Қайд этилишича, юқори ҳарорат организмда суюқлик йўқотилишини кучайтиради. Шу сабабли беморларга кун давомида эҳтиёждан келиб чиқиб, уч литргача тоза ичимлик суви истеъмол қилиш тавсия этилади.
Шунингдек, иссиқ ҳавода қовурилган ва ёғли таомларни чеклаб, қайнатилган ёки димланган енгил овқатлар ҳамда янги сабзавотлардан тайёрланган салатларни кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жазирама қонда глюкоза миқдорининг ошиши ва қон қуюқлашишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис қанд миқдорини пасайтирувчи дори воситаларини шифокор тавсиясига мувофиқ ўз вақтида қабул қилиш, уларнинг дозасини ўзбошимчалик билан ўзгартирмаслик ҳамда зарурат туғилганда шифокорга мурожаат қилиш муҳим.
Бундан ташқари, беморларга қондаги қанд миқдорини ҳафтасига камида икки марта, артериал қон босимини эса ҳар куни эрталаб ва кечқурун назорат қилиш тавсия этилди.
Шифокорлар дори воситаларини махсус совитувчи идишларда сақлаш, уларни автомобиль салонида ёки қуёш нури тўғридан-тўғри тушадиган жойларда қолдирмаслик кераклигини ҳам эслатди. Чунки юқори ҳарорат дори воситаларининг самарадорлигини пасайтириши мумкин.
Мутахассислар, шунингдек, эндокрин касаллиги бор болаларнинг ота-оналарига жазирама кунларда фарзандларига бош кийим кийдириш, етарли миқдорда суюқлик ичириш ва муздек эмас, хона ҳароратидаги ичимликларни беришни тавсия қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter