Ўзбекистонда ёзги электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд янгиланди
Ўзбекистон энергетика тизимида ёзги мавсум учун электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекордлар қайд этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Хусусан, 13 июл куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 281,5 миллион кВт·соатни ташкил этди.
Республика бўйича суткалик электр энергияси истеъмоли эса 278,6 миллион кВт·соатга етди. Бу ўтган ёзги мавсумда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 6 миллион кВт·соатга ёки 2,2 фоизга кўп.
Маълумот учун, аввалги ёзги рекорд 2025 йил 18 июл куни қайд этилган бўлиб, ўшанда республикада электр энергиясининг суткалик истеъмоли 272,6 миллион кВт·соатни ташкил этган. Ўша куни ҳаво ҳарорати марказий ҳудудларда +40°C гача, чўлли ҳудудларда эса +42…44°C гача кўтарилган бўлиб, жорий йилнинг 13 июлида ҳам худди шундай ҳарорат кузатилган.
Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг ошиши муносабати билан яқин кунларда электр энергияси истеъмоли ва тизим юкламаси бўйича янги рекорд кўрсаткичлар қайд этилиши кутилмоқда.
Юқори истеъмол даврида электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида энергетика корхоналари томонидан кучайтирилган иш режими жорий этилган. Ҳудудларда навбатчилик асосида фаолият юритувчи махсус авария-таъмирлаш бригадалари электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Айрим ҳудудларда электр тармоқларида юзага келаётган техник носозликлар сабабли электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкин.
Вазирлик барча истеъмолчилардан электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни сўраган.
Айниқса, энг юқори юклама соатларида зарурат бўлмаган электр жиҳозларини ўчириб туриш орқали электр тармоқларига тушаётган юкламани камайтириш, электр таъминоти барқарорлигини сақлаш ҳамда узилишларнинг олдини олиш мумкинлиги қайд этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter