Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эрондаги намойишлар, 17-кун: фаоллик пасайган, қурбонлар сони 2 минг нафарга етган

Эрондаги намойишлар, 17-кун: фаоллик пасайган, қурбонлар сони 2 минг нафарга етган

28 декабр куни бошланган Эрондаги оммавий норозилик намойишлари 17 кундан бери давом этмоқда. 13 январь куни бутун мамлакат бўйлаб атиги 14 та акция қайд этилди, бу эса намойишлар бошланганидан бери энг паст кўрсаткич бўлди. Акциялар олти вилоятда ўтган. Бу ҳақда шарқшунос Никита Смагин маълум қилди.

Унинг кузатишларига кўра, 13 январь куни йирик намойишлар бўлгани ҳақида маълумот йўқ, фақат икки ҳолатда иштирокчилар сони 100 нафардан ошган. Намойишлар фаоллигининг пасайиши протестлар сўнаётгани билан боғлиқми ёки Эронда алоқа воситаларининг узилиши натижасими — ҳозирча аниқ эмас.

NetBlocks лойиҳаси маълумотларига кўра, Эронда интернет 100 соатдан ортиқ вақтдан бери ўчириб қўйилган. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, аввал намойишлардан видеоларни тарқатишга имкон берган Starlink сунъий йўлдош интернети ҳам, эҳтимол, блокланган. Телефон алоқаси ҳам чекланган.

AP манбаларига кўра, пойтахтда бир нечта давлат бинолари ёқиб юборилган, марказий ҳудудларда хавфсизлик кучлари сони кўпайган. Ҳуқуқ-тартибот органлари кўчада одамларни тўхтатиб текширмоқда ва уйма-уй юриб Starlink терминалларини қидирмоқда.

Эронлик фаоллар томонидан тузилган HRANA ташкилоти маълумотларига кўра, намойишлар давомида камида 646 киши ҳалок бўлган. Улар орасида 505 нафар намойишчи (жумладан, тўққиз нафар вояга етмаган), 133 нафар ҳарбий ва полиция ходими, бир прокурор ва намойишларда қатнашмаган етти нафар фуқаро бор. Шунингдек, 10 700 нафардан ортиқ киши ҳибсга олинган. Reuters агентлигига маълумот берган Эрон ҳукумати вакили эса ҳалок бўлганлар сони 2000 нафарга етганини айтган.

Ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда Теҳрон вилоятидаги Каҳризак шаҳри ўликхонасида ўнлаб жасадлар акс этган видеолар тарқалган.

Шу билан бирга, норозиликлар фонида илк ўлим жазоси ижро этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Курд инсон ҳуқуқлари ташкилоти Hengaw’нинг маълум қилишича, 26 ёшли Фардис шаҳрида яшовчи Эфран Солтани қатл этилиши режалаштирилган. У 8 январь куни ҳибсга олинган, 12 январь куни эса оиласи унга ўлим жазоси чиқарилганини билган. Қатл 14 январь кунига белгиланган. Яқинлари унга қўйилган айблар ва суд жараёни ҳақида маълумотга эга эмас.

Фонда АҚШ Эрон билан ҳамкорлик қилаётган давлатларга нисбатан 25 фоизлик бож жорий этганини эълон қилди. АҚШ президенти Дональд Трампга кўра, Эрон билан савдо қилаётган ҳар қандай давлат АҚШ билан бўладиган барча тижорат операцияларида 25 фоиз бож тўлайди. Бу қарор Эронга иқтисодий босимни янада кучайтириши мумкин, бироқ у Хитой билан АҚШ ўртасидаги савдо келишувларига ҳам хавф солиши мумкин.

Шунингдек, АҚШ ўз фуқароларини зудлик билан Эронни тарк этишга чақирди. Илгари бундай огоҳлантириш 2025 йил июнь ойида, Эрон ядровий объектларига берилган зарбалардан бир ҳафта олдин қилинган эди. Ҳозир ҳам Вашингтон ҳарбий вариантни истисно қилмаяпти, аммо якуний қарор қабул қилинмаган.

Теҳрон музокараларга тайёр эканини маълум қилди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчининг таъкидлашича, АҚШ таҳдид ва босимларсиз мулоқотга тайёр бўлса, ядровий масала бўйича музокаралар ўтказилиши мумкин.

Дональд Трамп эса эронликларни намойишларни давом эттиришга чақириб, «ёрдам йўлда» эканини айтди. Германия канцлери Фридрих Мерц эса жаҳон ҳамжамияти «оятоллалар режими сўнгги кунларини» кузатаётганини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг